Венгрия ташқи ишлар вазири Тошкентга келди
Кеча Тошкентга Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация уч кунлик ташриф билан мамлакатимизга келди, дея хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар, инвестиция ва ташқи савдо, энергетика, олий ва ўрта махсус таълим вазирликларида ва бошқа идораларда икки томонлама музокаралар ўтказиш Венгрия томони дастуридан ўрин олган.
Венгрия делегацияси 15 июль куни Қирғизистонда ишчи ташриф билан бўлди.
Қирғизистон ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, чоршанба куни кечқурун ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбековнинг коронавирусга қарши курашда инсонпарварлик ёрдамини тақдим этиш бўйича ишлар доирасида Бишкекка келган Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан учрашуви бўлиб ўтган.
Мулоқотда илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари, шу жумладан Қирғизистон Президентининг 2020 йилда Венгрияга ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Петер Сийярто яқин келажакда Қирғизистонга Венгриянинг тўлақонли фаолият юритадиган элчисини тайинлаш нияти ҳақида маълумот берди.
Венгрия томони, шунингдек, Австрияда яшовчи Қирғизистон фуқаролари томонидан юборилган ёрдамни ҳам тақдим этди.
Петер Сийяртонинг ташрифи якунида икки мамлакат дипломатик академиялари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.