БМТнинг юқори даражали сиёсий форумида Ўзбекистон ҳақида маълумот тақдим этилди
БМТ Бош қароргоҳида 7-16 июль кунлари БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши шафелигидаги юқори даражали сиёсий форум бўлиб ўтди. Ушбу форум БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартибини амалга оширишдаги ютуқларни кўриб чиқиш ва мониторинг қилиш учун асосий платформа бўлиб хизмат қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«Фаолиятни жадаллаштириш ва йўлларни ўзгартириш: ўн йиллик барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар» мавзусида ўтказилган форумда 47 та давлат ихтиёрий миллий шарҳларини тақдим этди.
15 июль куни Барқарор ривожланиш бўйича кун тартибида белгиланган вазифаларга эришишда мамлакатимиз томонидан 17 мақсаднинг амалга оширилиши жараёни ҳақида биринчи тақдимот бўлиб ўтди.
Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳам Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов иштирок этди.
Маърузачилар мамлакатимизнинг БМТ Тараққиёт дастурига тўлиқ мос келадиган кенг кўламли ислоҳотларни илгари суриш тарафдори ва бунга эришиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Мақсадлар ва барқарор ривожланиш кўрсаткичлари мамлакатнинг миллий дастурлари ҳамда стратегияларига қўшилиш даражаси 85 фоизлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси республикамизда сўнгги уч йилда амалга оширилган туб ўзгаришлар, давлат бошқарувида парламент ролини ошириш, ислоҳотларни амалга оширишда парламент назоратини кучайтириш, шунингдек, барқарор ривожланишни мониторинг қилиш ва парламент комиссияси фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Сессия иштирокчиларига индикаторларнинг бажарилиши ва баҳоланиши устидан парламент назоратини кучайтириш, Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш тўғрисида ахборот тақдим этилди.
Тақдимотда, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суришда мамлакатимиз ютуқлари, хусусан, барқарор ривожланиш миллий стандартларини ишлаб чиқиш ва уларни ижтимоий, иқтисодий ҳамда экологик жиҳатлари билан уйғунлаштириш асосида фаровонлик даражасини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди.
Ўзбекистон вазирлик ва идораларининг институционал ривожланишида тегишли даражани ошириш учун методологияни шакллантириш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичларини ишлаб чиқиш учун мамлакат ҳамда БМТнинг таркибий бўлинмаси — БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши ўртасида самарали ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирилди.
Ўз навбатида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Беларусь делегациялари Ўзбекистоннинг ихтиёрий миллий шарҳлари бўйича саволлар билан мурожаат қилишди. Ўзбекистон томонидан мазкур саволларга батафсил жавоб берилди.
Шундан сўнг, БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши вакиллари Ўзбекистон 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналишларини қамраб олган мазмунли ва батафсил шарҳни тақдим этани, ихтиёрий миллий шарҳларга сифатли эришишдаги мамлакат ижобий тажрибага эга эканини таъкидлаб ўтди.