Ўзбекистон учун ҳужжатга аъзо давлатлар ҳудудида истиқомат қилувчи ватандошлар шахсий, мулкий ва номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берувчи конвенция кучга кирди
Ўзбекистон Республикаси учун 2020 йил 12 июлдан МДҲ доирасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция (Кишинёв шаҳри, 2002 йил 7 октябрь) кучга кирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлигининг Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси томонидан ойдинлик киритилишича, ҳозирги кунда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Кишинёв конвенцияси иштирокчилари ҳисобланади.
Ҳужжат томонлар ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ва бошқа шахсларга уларнинг шахсий, мулкий ва номулкий ҳуқуқларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга, шунингдек, томонларнинг ваколатли органлари ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича юридик ёрдам соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган.
Мамлакатимизнинг Кишинёв конвенциясига қўшилиши ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда томонларнинг марказий, ҳудудий ва бошқа органлари билан ҳамкорлик қилишга имкон беради. Бундан ташқари, конвенция иштирокчи-давлатлар ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаролар ва бошқа шахсларни суд, нотариал тўловлар ва харажатларни тўлашдан озод қилади ҳамда бошқа томонлар ҳудудларида ўз фуқаролари билан бир хил шартларда бепул ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланишни кўзда тутади.
Ўзбекистон Республикаси учун ушбу конвенция кучга кириши муносабати билан мамлакатимиз ва Кишинёв конвенциясининг иштирокчилари бўлган давлатлар ўртасида 1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенция (Минск конвенцияси) ва унга 1997 йил 28 мартдаги баённома ўз кучини йўқотади.
Конвенциянинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида танишиш мумкин.