Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ташқи ишлар вазирлари коронавирус инфекциясига қарши курашда ҳамкорлик ва иқтисодиётда барқарор ривожланишни таъминлаш механизмларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16 июль куни видеоконференция шаклида ташкил қилинган “Марказий Осиё – Хитой ” биринчи вазирлар учрашувида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилинишича, тадбирда, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари коронавирус инфекциясини олдини олиш, тарқалишини олдиндан баҳолаш ва чеклаш, унга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой иқтисодиёти ва саноат қувватларининг барқарор ўсишини таъминлаш механизмларини муҳокама қилди.
Трансчегаравий характердаги эпидемиологик таҳдидларга қарши курашиш бўйича амалий чораларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур видеоконференция иштирокчи-мамлакатларининг тиббиёт мутахассислари соҳа идоралари ўртасида мунтазам ҳамкорликни ўрнатишнинг зарурлиги қайд этилди.
Ҳозирги шароитда ўзаро савдони қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни рақамлаштириш суратларини жадаллаштириш ҳамда транспорт-транзит йўлларининг диверсификациялашган тизимини шакллантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг долзарблиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони юқорида айтиб ўтилган ҳамкорлик соҳаларини ўз ичига олувчи Пандемия ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича комплекс дастурни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Абдулазиз Комилов иштирокчилар эътиборини барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой халқлари фаровонлигини ошириш учун аниқ инновацион, инфратузилма, транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳимлигига қаратди.
Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жумладан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.