Петер Сийярто: Ўзбекистон Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича Венгрия стратегиясининг истиқболли йўналиши ҳисобланади
Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу Венгрия вазирининг сўнгги беш ой ичида мамлакатимизга иккинчи ташрифидир. Бу, шубҳасиз, ҳар икки томон ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканидан далолатдир. Ташриф дастурининг учрашувларга бойлиги ва чет эллик меҳмонларнинг ижобий муносабати ҳам фикримизга мисол бўла олади.
“Дунё” АА мухбири вазир Петер Сийярто билан суҳбатлашди, унинг Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигининг жорий босқичи ва истиқболлари ҳақидаги қарашлари билан қизиқди.
– Вазир жаноблари, суҳбатга вақт ажратганингиз учун ташаккур. Суҳбатимизни Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги муносабатларнинг қисқача тавсифидан бошласак.
– Муносабатларимизни «дўстлик» сўзи билан ифодалаш мумкин. Бирдамлик энг қийин пайтларда муҳим аҳамият касб этишини бугун барчамиз яхши ҳис этмоқдамиз. Ўзбекистон пандемия шароитида, қийин вазиятга тушиб қолганимизда бизни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами сифатида 650 минг ниқоб тақдим этди. Бундай ёрдам ҳар қандай ҳимоя воситасини олиш жуда қийин бўлиб турган бир пайтда амалга оширилди. Ушбу кўмак дўстлик ва ҳамжиҳатликка бўлган интилишга ёрқин мисолдир ва ташрифимнинг сабабларидан биридир. Шу ўринда Венгрия халқи номидан Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига чексиз ҳурмат ва миннатдорлигимни билдираман.
– Сўнгги 5 ой давомида Ўзбекистонга иккинчи ташрифингиз. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон – Венгрия муносабатлари фаол ривожланиб бораётганидан далолат беради, тўғрими?
– Албатта. Биз ушбу минтақанинг ривожланиб бораётганига гувоҳмиз. Венгрияда Шарқ мамлакатларининг ишга солинмаган имкониятларини ўзимиз учун кашф қилиш бўйича тасдиқланган стратегия доирасида биздан Шарқда жойлашган мамлакатлар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор бермоқдамиз. Боиси ушбу минтақаларда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш жадал суръатлар билан давом этмоқда. Биз эса ушбу жараёнда ўзимиз учун Марказий Европа билан Марказий Осиё ўртасида ҳамкорлик учун пойдевор яратмоқдамиз.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон Венгрия компанияларининг ташқи бозорларда муваффақият қозониши учун энг яхши шароит ва имкониятларни таклиф қилмоқда. Рақамларга назар ташласак, ўтган йили мамлакатларимиз ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 78 фоизга ошганини кўришимиз мумкин. Ҳатто жорий йилнинг дастлабки 4 ойида, пандемия билан боғлиқ иқтисодий қийинчиликларга қарамай, ўзаро савдо айланмасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Муҳандислик, ядро энергетикаси ва фармацевтика соҳасида катта қадамлар ташланди. Бугунги ташриф доирасида ўзбекистонлик ҳамкасбим, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов билан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини шу йилнинг ноябрь ойида Будапештда ўтказишга келишиб олдик.
– Ташрифингиз музокараларга бой ўтди. Ташқи ишлар вазирлиги, ундан сўнг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ва яна қатор идораларда учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар натижаси сифатидаги аниқ лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.
– Қайд этиш жоиз, ташрифимиз самараси, аввало, фармацевтика соҳасидаги лойиҳаларда намоён. Венгрияда фармацевтика яхши ривожланган. Венгрия аҳоли сони бўйича дунёда 92-ўринни эгаллашига қарамай, фармацевтика маҳсулотлари экспорти бўйича 18-ўринда туради. Венгриядаги энг йирик фармацевтика компанияси 25 йилдан бери Ўзбекистон бозорида иштирок этиб келмоқда. Венгрия компанияси Ўзбекистоннинг 8 вилоятида ваколатхоналарига эга.
Биз Венгрия дори-дармонлари Ўзбекистонда тез, соддалаштирилган тартибда рўйхатга олинадиган мамлакатлар рўйхатига киритилишига келишиб олдик. Ҳозирги кунда Венгрияда Ўзбекистондаги каби ўша бош пудратчи ва деярли бир хил молиялаштириш усулида иккита янги реактор қурилмоқда. Шу муносабат билан ўзбекистонлик ядро соҳаси мутахассисларини Будапешт Технология ва иқтисодиёт университетида тайёрлашга тайёрмиз.
Бундан ташқари, Венгрия ҳар йили мамлакат ҳукумати томонидан молиялаштириладиган стипендия дастури доирасида ўзбекистонлик талабаларга бериладиган жойлар сонини 30 тадан 100 тагача оширди. Бу ҳақдаги ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида Венгрия Ўзбекистонда озиқ-овқат саноатининг технологик ривожланишига ёрдам беради. Хусусан, Венгрия Эксимбанки мамлакатларимиз компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни молиялаштириш учун 95 миллион доллар миқдорида кредит линиясини очди.
Мамлакатингиздаги “Микрокредитбанк” Венгрия компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2 мингта банкомат ўрнатиш лойиҳасини амалга оширмоқда ва Венгриядаги энг йирик банк мамлакатингиз молия секторида иштирок этиш истиқболини кўриб чиқмоқда.
Ҳамкорлигимиздаги яна бир соҳа – бу юқори технологиялардир. Муваффақиятли рақамлаштириш иқтисодий ривожланишнинг калитидир. Бу иқтисодий муваффақиятнинг ҳал қилувчи омили ва биз ушбу соҳада шерикликни янада мустаҳкамлашимиз керак.
– Бугунги кунда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га кириш Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада Венгрия томонининг муносабати билишни истардик.
– Биз тўртта халқаро ташкилот доирасида Ўзбекистонни қўллаб-қувватламоқдамиз. Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши масаласи шулардан биридир. Мамлакатингиз иқтисодиётда салмоқли натижаларга эришди ва ЖСТга аъзо бўлишга лойиқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётида нафақат ишлаб чиқаришнинг ўсиши, балки Хитойни Европа ва Шарқни Ғарб билан боғлайдиган Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашгани билан муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистоннинг халқаро тузилмага аъзо бўлиши ЖСТ учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам фойдали.
– Ўзбекистон ва Венгрия икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг янги босқичидадир. Уларнинг истиқболларини қандай баҳолайсиз?
– Қисқача айтаман, Венгрия икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор. Биз ҳамкорликка, шу жумладан Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида боғловчи кўприк бўлишга тайёрмиз.
– Жорий йилда Ўзбекистон давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги нишонланади. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.
– Венгрия узоқ вақт давомида ўз мустақиллиги учун курашган мамлакатдир. Биз буни 1990 йилда қўлга киритганмиз ва шунинг учун ўзини ҳимоя қилишга, тарихий мерос ва маданиятни асраб-авайлашга, мустақилликка эришишга қодир бўлган халқларни жуда ҳурмат қиламиз. Сизга кучли бўлишингизни ва биз жуда бой деб билган тарихингиз, меросингиз ва маданиятингизга содиқ қолишингизни тилайман. Умид қиламанки, тобора кўпроқ венгрияликлар Тошкент ва Самарқандга келиб, мамлакатингизнинг маданий ва тарихий бойлиги, ривожланиш йўли билан танишади. Ўзбекистон халқига зафарлар тилайман. Ўзаро муносабатларимизни ривожлантириш, халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз.
Улуғбек Шоназаров олган сурат (“Дунё” АА)