Ўзбекистонда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг ярим йиллик фаолияти таҳлил қилинди
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, сенаторлар, комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг 2020 йил биринчи ярим йилликда амалга оширган ишлари, Зўравонлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика марказининг жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомидаги фаолияти диққат марказида бўлди.
Таъкидланганидек, 2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Комиссия томонидан гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилган. Жумладан, қонун ҳужжатлари хотин-қизларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ҳуқуқлари камситилишига оид стандартларга мослиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилинди.
Мамлакатимизда қабул қилиниши кўзда тутилган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг гендер ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилиши бўйича Низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.
Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган «2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда ушбу стратегия давлат ва нодавлат ташкилотлари билан келишилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш борасида салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган икки йилда хотин-қизлар сафидан сенатор ва депутатлар, вазир ва идоралар раҳбарлари, элчи ва ҳокимлар чиққани, уларнинг юқори даражаларда қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлаётганидан далолатдир.
Комиссия аъзолари хотин-қизлар бандлиги масалаларини ҳам муҳокама қилиб, ушбу йўналишда мамлакат Президенти томонидан 14 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар доирасида бажариладиган чора-тадбирларни белгилаб олди.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мурожаатига жавобан коронавирус пандемияси даврида Комиссия ва «ННТлар бирлашмаси» билан ҳамкорликда «Ишонч телефони», «Телеграм» ижтимоий тармоғида «Зўравонликка йўл йўқ!» каналининг фаолияти йўлга қўйилди. «Карантинни қандай ўтказяпмиз?» номли видеороликлар танлови ўтказилди.
Йиғилишда зўравонлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, улар томонидан тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатишда айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинаётгани ҳам танқидий муҳокама қилинди ва марказлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган хизмат турларини акс эттирувчи иш режаси асосида ишлаб чиқилган ҳужжат тақдимоти бўлиб ўтди.