Ўзбекистон БМТнинг «Очиқ давлат маълумотлари индексида» дунёнинг илғор 41 мамлакати рўйхатидан жой олди
БМТнинг Электрон ҳукумат кузатуви – 2020 бўйича «Очиқ давлат маълумотлари индекси»да Ўзбекистон юқори (Very High OGDI) кўрсаткичга эга бўлган жаҳоннинг 41 мамлакати қаторидан жой олди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Давлат статистика қўмитаси манбасига асосланиб.
Индексда жами 193 та мамлакат баҳоланган ҳамда Ўзбекистон унда юқори балл тўплай олган. «Электрон ҳукумат кузатуви» БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти томонидан ҳар икки йилда бир марта эълон қилинади. Бу БМТга аъзо давлатлар электрон ҳукуматининг ривожланиш даражасини баҳолайдиган ягона глобал ҳисоботдир.
Ўзбекистоннинг ушбу рейтингда юқори натижага эришишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 апрелдаги «Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги ҳамда 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорлари муҳим аҳамият касб этди.
Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа давлат ҳокимият органлари маълумотларининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига data.gov.uz жойлаштириб бориш ўз самарасини берди.
Қайд этиш жоиз, ушбу жараённи ташкил этишда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ўз молиявий, техник ва эксперт ёрдамлари билан иштирок этмоқда.