Германиянинг Мюнстер университетида Имом Мотуридий асарлари ўрганилади
Мамлакатимизнинг Франкфуртдаги Бош консулхонаси томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Германиянинг Мюнстер университети Ислом теологияси маркази вакиллари иштирокида навбатдаги онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбек халқининг кўп асрлик миллий ва диний қадриятларини асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш ва уни жаҳонда кенг тарғиб қилиш, айнан улар асосида динимизга ёд ва бугунги кунда пайдо бўлаётган хавфли ғояларга қарши курашиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Мазкур вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида алоҳида белгилаб қўйилган. Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз диний муассасалари ва олий ўқув юртларининг халқаро доирада ҳамкорликни ривожлантириши ва янада кенгайтиришига имкон беради.
Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси Германиянинг Мюнстер университети Ислом теологияси маркази билан исломшуносликда Қуръон ва ҳадис илми, ислом ҳуқуқи ва тарихи йўналишларини биргаликда тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиб, мақсадли музокаралар олиб бормоқда.
Ўтказилган навбатдаги онлайн мулоқотда ҳам ўзбек ва немис олий таълим муассасалари вакиллари иштирокидаги истиқболли лойиҳалар белгилаб олинди.
Томонлар ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, мазкур йўналишда янги тадқиқотлар олиб бориш, хусусан, Мотуридий асарлари, улардаги сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад этувчи илмий ғояларни кенг таҳлил қилган ҳолда тегишли замонавий асарлар яратиш бўйича фикр алмашди.
Мюнстер университетининг Германистика институти вакиллари навбатдаги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро ислом академиясида немис тилини ўқитиш бўйича лойиҳани биргаликда амалга оширишни таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Германия исломшунос олимлари учрашув якунида соф ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз меросини чуқур ўрганишга бағишланган халқаро илмий анжуман ташкил этиш, немис ва бошқа Европа мусулмон муассасалари учун илмий-амалий ва ўқув қўлланмалари яратишда ҳамкорликка келишиб олди.