МДҲ мамлакатлари маданий меросининг виртуал музейини яратиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди
МДҲ Ижроия қўмитасида МДҲга аъзо давлатларнинг виртуал маданий мероси музейи тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири, Маданият вазирлиги манбасига асосланиб.
Видеоконференция шаклида ташкил қилинган тадбирда ишчи гуруҳ аъзолари, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси xодимлари иштирок этди.
Ишчи гуруҳ аъзолари МДҲга аъзо давлатларнинг Виртуал маданий мероси музейи концепцияси, уни яратиш ва ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаларини муҳокама қилди.
Йиғилиш материаллари МДҲга аъзо давлатларнинг маданий ҳамкорлик кенгаши аъзоларига юборилади, улар ҳужжатлар лойиҳаларини кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқади.
Таъкидлаш жоиз, МДҲ мамлакатлари маданий меросининг Виртуал музейни яратиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Лойиҳанинг мақсади МДҲга аъзо давлатлар маданий мероснинг энг қизиқарли объектларини ягона виртуал порталда бирлаштиришдир.
Виртуал музейнинг интерфейси ва таркиби рус ва МДҲ давлатларининг давлат тилларида, шунингдек, инглиз ва бошқа тилларда ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Экспозицияларни шакллантиришда тил билан боғлиқ тўсиқларнинг йўқлиги МДҲ Виртуал музейининг кенг омма учун очиқлигини таъминлайди.