Сардор Умурзоқов: “Мақсадимиз 2025 йилда электротехника экспортини бир миллиард долларга етказиш”
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 июль куни видеоконференцалоқа орқали нефть-газ кимёси саноати, электротехника ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш ишлари бўйича йиғилиш ўтказди.
Жаҳон иқтисодиётига жиддий салбий кўрсатаётган бугунги шароитда ҳам мамлакатимизда саноатни барқарор ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Давлатимизда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, юқори иқтисодий самарадорликни ошириш чоралари кўрилмоқда.
Мутасадди раҳбарлар мазкур йиғилишдан чиқарган хулосалари ҳамда келгусидаги режалари ҳақида ўз фикрларини билдирди (http://uza.uz/oz/society/sardor-umurzo-ov-ma-sadimiz-2025-yilda-elektrotekhnika-ekspo-17-07-2020).
Сардор Умурзоқов, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири:
– Президентимиз электротехника ва фармацевтика саноатини ривожлантиришга доир тегишли топшириқлар берди.
Аслида ҳам Ўзбекистон денгизларга ёки очиқ денгизга чиқиши чекланганини ҳисобга оладиган бўлсак, биз ишлаб чиқаришда қўшимча қиймати юқори бўлган тармоқларни ривожлантиришимиз керак. Керак бўлса, авиатранспорт орқали ҳам тегишли бозорларга экспорт қилганда ҳам ўзини оқлайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришимиз зарур.
Бунда электротехника саноатига алоҳида йўналиш сифатида уруғи бериш талаб этилмоқда. Шунга кўра, биз бу борада қарор лойиҳасини тайёрлашни бошладик. Юртимизда бу турдаги маҳсулотларни тайёрловчи бир нечта эркин иқтисодий ва эркин бозор зоналари ташкил этилади.
Ўтган йилни таҳлил қиладиган бўлсак, электротехника саноатининг экспорт ҳажми 250 миллион долларни ташкил этди. Мақсадимиз янги йўналишларни, юқори қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали 2025 йилга бориб экспортни камида бир миллиард долларга етказишдир.
Ушбу тармоқдаги асосий камчиликлар – ишлаб чиқаришдаги кадрларни тайёрлаш, таълим ҳамда фан ва илмий тадқиқотлар ўртасида узвий боғлиқликнинг мавжуд эмаслигида.
Фармацевтикани олсак, у ҳам жуда долзарб. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган дорилар эҳтиёжимизни 21 фоиз қопламоқда. Яъни 79 фоиз дори-дармонлар импорт қилинмоқда.
Айни вақтда бу соҳада ҳам ишлаб чиқариш, таълим ва илм яъни тадқиқотларни уйғунлаштириб, янги ёндашув асосида кескин ўсишни таъминлаш керак. Чет эллик фармацевтларни, машҳур фармацевтик брендларни юртимизда ишлаб чиқаришга жалб қилиш мақсадида шартномалар тузиш керак бўлади. Яъни камида 10 йилга уларнинг маҳсулотларини сотиб олиш борасида келишилади, аммо битта шарт билан, яъни ҳар йили 10-20 фоиз маҳаллийлаштириш йўлга қўйилиб, 3-4 йилда энг машҳур брен остидаги дори воситалари ўзимизда ишлаб чиқарилади.
Энг аввало, юртимиз иқтисодиётининг ўсиш нуқтасини таъминлайдиган соҳалар – фармацевтика, электротехника, нефтгаз, кимёсаноати, тўқимачилик каби тармоқларнинг ҳар бирини мутлақо янги тамойил асосида ривожлантириш, керак бўлса, давлат саноат сиёсатини ҳар бир тармоқ бўйича юргизиш юзасидан аниқ топшириқлар олдик.