Чин юрти вакиллари Ўзбекистон – Хитой технологик саноат паркини барпо этиш лойиҳасини ўрганади
Мамлакатимиз электротехника тармоғида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун Хитойдан сармоя ва илғор технологияларни жалб этишга қаратилган ишлар доирасида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан ушбу мамлакатнинг Ускуналар, электрон буюмлар импорти ва экспорти бўйича савдо палатаси (CCCME) президенти Чжан Юйцзинь билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Мулоқот чоғида Хитой савдо палатаси раҳбари Ўзбекистон – Хитой ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда стратегик шериклик муносабатлари жадал равнақ топаётганини қайд этди. Унинг айтишича, Ўзбекистон Хитой Ускуналар, электрон буюмлар импорти ва экспорти бўйича савдо палатасига аъзо корхоналар диққат марказида турган устувор мамлакатлардан бири бўлиб бормоқда.
– Бугунги кунда мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун ишга солинмаган улкан имкониятлар бор, – деди у. – Шуни назарда тутган ҳолда, ҳозирги босқичда ҳукумат ва ишбилармон доиралар даражасида ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш долзарб аҳамиятга эга.
Хитой савдо палатаси президенти мамлакатимизда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик ва муҳим аҳамиятга эга сармоя лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан мамлакатимиз билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашувда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси вакиллари ҳамкор томонга электрон босма палаталар, турли қувватлардаги электродвигателлар, фотоэлектр панеллари, компьютер ва офис техникалари, маиший техникалар учун компрессорлар, ўзгарувчан электр энергиясига мос генераторлар ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳаларни кўриб чиқиш учун тақдим этди.
Шу билан бирга, Хитой томонига мамлакатимизда маиший ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқишнинг тўлиқ даврини ўз ичига оладиган Ўзбекистон – Хитой технологик саноат паркини барпо этиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Музокараларда Ўзбекистон – Хитой технологик саноат парки концепцияси, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган онлайн музокара ўтказишга келишилди.
Маълумот ўрнида, 1988 йил июль ойида ташкил топган Хитой Ускуналар, электрон буюмлар импорти ва экспорти бўйича савдо палатаси умуммиллий саноат ва нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Ишлаб чиқариш, маҳсулот импорт-экспорти, машинасозлик ва электротехника саноати соҳасидаги фаолият турлари билан шуғулланадиган палата Хитой Тижорат вазирлиги ҳузурида ташкил этилган. У йирик корхона ва ўрта бизнес вакиллари, тармоқдаги кўп сонли ташқи савдо компанияларини ўз атрофига бирлаштирган. 10 мингдан зиёд компания палата аъзолари ҳисобланади.