Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 июль куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири П.Сийярто ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида глобал эпидемиологик вазиятнинг ривожланиш тенденциялари ҳамда икки мамлакат ҳукуматлари томонидан коронавирус тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
П.Сияйрто пандемияга қарши курашда Ўзбекистон томонидан кўрсатилган гуманитар ёрдам учун самимий миннатдорчилик билдириб, Венгриянинг бошқа мамлакатлардан олган барча гуманитар юклари орасида Ўзбекистоннинг ёрдами ҳажми жиҳатидан энг катта эканлигини таъкидлади.
Маълумот учун: Ўзбекистон жорий йилнинг баҳорида коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва аҳолини ҳимоя қилишда гуманитар ёрдам сифатида Венгрияга 650 минг дона тиббий ниқобни юборди.
Шунингдек, инвестиция, савдо ва молиявий соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Венгрия томони тадбиркорларнинг Ўзбекистон компаниялари билан инвестиция ҳамкорлиги ва саноат кооперациясини ривожлантиришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганлигини таъкидлади. Ушбу соҳадаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида мева-сабзавот ва тўқимачилик тармоғида ҳамда қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш шунингдек, ишга туширилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ўзаро ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳаракатларни бирлаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Томонларнинг фикрига кўра, Венгриянинг илғор компанияларининг ишланмалари асосида дори-дармонларни ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларини ўз ичига олган қўшма корхоналарни ташкил этишни назарда тутган ҳолда фармацевтика саноатидаги ҳамкорлик ҳам муҳим устуворликка эга.
Ўзаро савдони оширишда сезиларли ютуқларга эришилгани алоҳида таъкидланди - биргина жорий йилнинг 5 ойи якунлари бўйича ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40% ўсишни кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, икки давлат раҳбарларининг ўтган йилнинг октябрь ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг (ТДҲК) йиғилиши доирасида бўлиб ўтган учрашувида Венгрия билан савдо айланмасини 100 млн долларга етказиш учун келишилган “Йўл харитаси”ни амалга ошириш бўйича биргаликдаги ишларнинг муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, шу нуқтаи назардан Венгрияда Ўзбекистон - Венгрия савдо уйини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Банк-молия соҳасидаги шерикликни ривожлантириш борасида аниқ қадамлар белгиланди - Ўзбекистонда Венгриянинг “ОТП банки”ни очиш истиқболлари, шунингдек Венгрия Эксимбанки маблағларини жалб этган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ҳар икки мамлакат ишбилармон доираларининг яқин ҳамкорлигини таъминлашдаги ютуқлар ҳам алоҳида қайд этилди - ҳозирги кунда Ўзбекистон - Венгрия ишбилармонлик Кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини келишиш жараёни якунланди. Мазкур тузилма фаолияти Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон жамоалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилади. Шунингдек, ушбу йўналишда кооперацион биржанинг жорий йил сентябрь ойида «B2B» и «G2B» шаклидаги ишини видеоконференция режимида ташкил этишга келишиб олинди.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини илгари суриш доирасида «Ўзбекистон-Венгрия-Европа Иттифоқи» форматидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, шунингдек, Ўзбекистон - ЕИ ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни келишиш доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлиги айтиб ўтилди. Бу Ўзбекистон - Европа муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон яратади.
Учрашув якунида иқтисодий ҳамкорлик бўйича жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистон - Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 6-йиғилишини ва ҳар икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форумини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, вазифалари янги инвестиция ва савдо битимларини ишлаб чиқишдан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузишга келишилди. Бу эса икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги