Навоий шаҳрида Америка хусусий инвестицияси асосида кўп тармоқли шифохона бунёд этилади
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари Шуҳрат Жонузоқов ва вилоят ҳокимлиги инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элбек Ғаффоровнинг «ЮЭс Инк» компанияси (АҚШ) раҳбари Марк Уинтерс билан онлайн-музокаралари ташкил этди, дея хабар бермоқда «Дунё» мухбири.
Дипломатик миссия маълумотига кўра, томонлар Навоий шаҳрида кўп тармоқли клиника бунёд этиш лойиҳасини муҳокама қилган ва мазкур муассасанинг қуриш ишларини бошлаш бўйича тадбирларни белгилаб олган.
Марк Уинтерс карантин чекловлари бекор қилингач, Навоий шаҳрид 24 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишни бошлашга тайёрлигини маълум қилди. Хорижлик сармоядор Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил қилиш, уни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, ходимларни ёллаш ва қурилиш ишларини бошлаш ниятида.
Музокаралар доирасида томонлар бўлажак касалхонани электр, газ, сув, оқава тармоқларига улаш ва бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилди. «ЮЭс Инк» раҳбари яқин кунларда Навоий вилояти ҳокимлигига бугунги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда лойиҳанинг янгиланган режасини тақдим этишини билдирди.
Таъкидлаш керакки, ушбу лойиҳа тўлиқ равишда хорижий компаниянинг тўғридан-тўғри сармояси ҳисобига амалга оширилади. Янги шифохонанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 200 иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, беморларни ташхислаш ва даволашда замонавий усуллар ҳамда технологияларни жорий этиш орқали вилоят соғлиқни сақлаш тизими имкониятлари кенгайтирилади.