Ҳиндистон Ўзбекистонда ахборот технологияларини ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтирмоқда
Ҳиндистон ахборот коммуникация технологиялари (АКТ) компаниялари Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан шериклик алоқаларини кенгайтирмоқда. Хусусан, шу кунларда Ҳиндистон дастурий таъминотни реклама қилиш кенгаши Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда икки мамлакат АКТ компаниялари ўртасида видеоконференцалоқа ёрдамида B2B шаклидаги музокараларни ташкил қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳаси вакиллари бизнесни автоматлаштириш, робототехника аппаратлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда булутли дастурий таъминот салоҳиятини ривожлантириш, хизматлар, маълумотлар ишлаб чиқариш ва таҳлил қилиш соҳасида қўшма лойиҳаларга қизиқиш билдирди.
Қайд этилганидек, мамлакатларимиз ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорлик ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятдир.
Учрашувлар якуни бўйича Ўзбекистон “IT-Park”и расмий вакиллари ва давлат хизматчиларининг Ҳиндистоннинг ITEC дастурига биноан ахборот технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, катта маълумотлар таҳлиллари бўйича малака оширишларини ташкил қилишга келишилди.