500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиниши мўлжалланган
Наманган туманидаги «Асадбек ғишт саноати» масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасида 70 турдаги тузлама, мева шарбати ва томат пастаси ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан уч йил илгари корхона 25 нафар ишчи билан фаолият бошлаган бўлиб, ҳозирда бу ерда меҳнат қилаётган кишилар сони 90 нафарни ташкил этмоқда.
Корхонанинг қайта ишлаш, қадоқлаш, қуритиш ва сақлаш цехларида тайёрланаётган бодринг, аччиқ қалампир, помидор тузламалари, томат пастаси, ўрик, гилос, шафтоли, анжир, смородина, малина, беҳи каби сархил мевалар шарбати ва мурабболари мамлакатимиздан ташқарида ҳам харидоргир. Хусусан, жорий йилнинг айни даврига қадар 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот хорижга экспорт қилинди. Жорий йил охиригача бу рақамни 500 минг АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.
Яқин кунларда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида МЧЖнинг қайта ишлаш тармоғига «Асакабанк» вилоят бўлимининг 890 минг доллар қийматидаги молиявий кўмаги билан Туркиядан янги ускуналар олиб келинади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар, ЎзА
Манба: ЎзА