Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ва Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси бош дирeктори ўринбосарлари ҳамкорликнинг амалий масалалари бўйича келишувга эришди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Фурқат Сидиков бугун Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (КАИТЖ) Бош директорининг ўринбосари Марван Абдуллоҳ ал-Ғоним билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва КАИТЖ ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жамғарманинг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларда, хусусан қишлоқ ҳудудларида уй-жойлар қуриш, сув таъминоти тизимини яхшилаш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
КАИТЖ Бош директорининг ўринбосари коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистон тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш учун 5,6 миллион доллар миқдоридаги Жамғарма маблағларини йўналтириш тўғрисидаги Ўзбекистон томонининг таклифини қўллаб-қувватлади.
Музокаралар якунига кўра ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан КАИТЖ иштирокида турли лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.