Япониянинг Афғонистон бўйича Махсус вакили билан музокаралар
2020 йил 21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Япониянинг Афғонистон бўйича Махсус вакили Катсуҳито Такаҳаши билан онлайн музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япониянинг Афғонистон можаросини тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, тўғридан-тўғри афғонлараро ички музокараларни тезроқ бошлаш масалалари муҳокама қилинди.
Япония томони мамлакатимиз раҳбариятининг узоқ муддатли афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатни минтақавий сиёсий ва иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш борасида олиб бораётган сиёсатини юқори баҳолади.
Афғонлараро тинчлик музокараларини илгари суриш, шунингдек, иқтисодий йўналишдаги Ўзбекистоннинг юқори нуфузи ва ролини инобатга олган ҳолда, Катсуҳито Такаҳаши “Япония-Ўзбекистон-Афғонистон” уч томонлама маслаҳат шаклини яратишни таклиф қилди.
Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, мамлакатда турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг устувор йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.