Амур вилояти Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлик билдирмоқда
Ўзбекистон Республикасининг Владивостокдаги бош консули Рустам Исмоилов Амур вилояти губернатори Василий Орлов билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири "Амур.инфо" АА маълумотига таяниб.
"Томонлар коронавирус пандемиясидан кейин ҳамкорликни янада фаоллаштириш ниятида эканини билдирди", - деб ёзади манба.
“Биз жуда самарали ҳамкорликни кутмоқдамиз. Икки мамлакат Президентларининг сиёсий иродаси туфайли 2019 йил март ойида Владивостокда Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси очилди. Россияда бешта янги бош консулхона фаолият юрита бошлади ва уларнинг сафини яна учтага кенгайтириш режалаштирилган. Буларнинг барчаси савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади”, - деди Рустам Исмоилов.
Бош консулхона раҳбари Василий Орловга Амур газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этаётган компания ишчилари ўртасида юзага келган муаммоларни ҳал этишдаги иштироки учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. У ўзи ҳам мазкур объектга боргани, ватандошлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари билан мулоқот қилгани ва ҳозир вазиятни назорат остига олганини билдирди.
Амур вилояти раҳбари, ўз навбатида, Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш истиқболларига ижобий баҳо берди. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан бўлиб ўтган телефон суҳбатини эслаб, Россиянинг мазкур минтақаси ижтимоий-иқтисодий, маданий, гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини изҳор қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси консуллик округига Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи (Амур вилояти, Яҳудий автоном вилояти, Камчатка ўлкаси, Магадан вилояти, Приморск ўлкаси, Саха Республикаси - Ёқутистон, Сахалин вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) киради.