Ўзбекистон элчиси Португалия Президентига ишонч ёрлиғини топширди
Ўзбекистон Республикаси элчиси Сардор Рустамбоев 20 июль куни Лиссабонда Португалия Республикаси Президенти Марсело Ребело де Соузага ишонч ёрлиғини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Португалия Президенти Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадал ва изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Марсело Ребело де Соуза Ўзбекистон Президенти билан 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида «Бир макон - бир йўл» саммити доирасида бўлиб ўтган самимий учрашувни эслаб, давлатимиз раҳбарига чуқур ҳурматини ҳамда эзгу тилакларини изҳор этди.
Португалия раҳбари ҳамкорлик кун тартибидаги масалалар, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги муносабатларнинг кенг қамровли жиҳатлари юзасидан фикр алмашар экан, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Сардор Рустамбоев Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси ҳисобланади. 2018 йил сентябрь ойида Франция Президенти Эмануэль Макронга ишонч ёрлиғи топширилган эди.
С.Рустамбоев бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг Португалиядаги элчиси вазифаларини ҳам бажаради.