WBC раиси: Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлардан бири, бошқа давлатлар ислоҳотлар кўлами бўйича ундан ўрнак олиши керак
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Америка Қўшма Штатларининг Ишбилармон аёллар уюшмаси — «Women Business Collaborative» (WBC) раҳбари Эдди Фрейзер хоним билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
WBC 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун Американинг 39 та йирик ташкилотини бирлаштирган. Гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни мамлакатнинг етакчи компанияларида раҳбар лавозимларига тайинлаш унинг асосий фаолият мақсадларидан биридир.
Музокаралар чоғида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Америка тажрибаси ўрганилди, Жаҳон банки билан Ўзбекистон ўртасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ривожланишда хотин-қизлар ролини оширишга қаратилган қўшма машғулот ва тадбирларни ўтказиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбир давомида Америка томони мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрнини сифат жиҳатидан яхшилаш, ҳукуматнинг барча соҳаларда қарорлар қабул қилиш жараёнида гендер тенгликни таъминлашга доир вазифаларнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.
Мулоқот чоғида бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун барча шароит яратилгани, сифатли таълим олишлари, улар тадбиркорлигини ривожлантириш учун зарур имтиёзлар берилгани таъкидланди.
Ўз навбатида, Эдди Фрейзер Ўзбекистон билан танишиш, мамлакатимизда қисқа вақт ичида амалга оширган кенг кўламли ислоҳотлар билан танишиш истагини билдирди. WBC раиси фикрига кўра, Ўзбекистон ривожланаётган мамлакатлардан бири ва бошқа давлатлар ислоҳотлар кўлами бўйича ундан ўрнак олиши керак.
Шунингдек, у давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциацияси ва мамлакатимизнинг бошқа манфаатдор муассасалари билан шериклик алоқаларини ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда иштирок этган WBC бошқаруви аъзоси Майкл Норрис, мамлакатнинг барча 14 минтақасида аёллар тадбиркорлик марказларининг ташкил этилиши ҳукуматнинг маҳаллий аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилашга қаратаётган эътиборидан далолат эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, мақсадли чора-тадбирлар натижасида 28 мингга яқин хотин-қиз молиявий ёрдам олиб, 21 мингдан ортиқ киши касбий маҳоратга эга бўлди. Бу вазифалар ҳудудларда иқтисодий фаолликнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.
Музокаралар натижасида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш учун WBC нинг Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциацияси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан учрашувини ташкил этишга келишиб олинди.