Жанубий Корея ҳукумати COVID-19 га қарши курашиш учун Ўзбекистонга иккинчи инсонпарварлик ёрдамини тақдим қилди
Корея Республикаси ҳукумати тақдим этган ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи жўнатмаси ортилган “Korean Air” авиакомпанияси самолёти бугун, 22 июль куни Тошкент вақти билан соат 15:10да Ўзбекистонга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги элчихонаси маълумотига кўра, 144 минг дона тиббий ниқобдан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи жўнатмаси жорий йилнинг 10 июль куни етказиб берилган эди. Ҳозирги кўмак юкида 206 минг дона шу каби тиббий ниқоблар мавжуд.
Таъкидлаш жоиз, коронавирус инфекциясининг Ўзбекистонда тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб Корея Республикаси мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига доимий равишда техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиб келмоқда.
Хусусан, коронавирус тарқалишининг дастлабки босқичида профессорлар Цой Чжэ Ук ва Юн Сынг Жу маслаҳатчи сифатида Ўзбекистонда бўлиб, маҳаллий мутахассисларга касалликка қарши курашда ёрдам берди. Апрель ойи охирларида мамлакатимизга қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг бўлган диагностика тўпламлари тақдим этилди. Бундан ташқари, Корея Республикасининг элчихонаси, Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА), Халқаро соғлиқни сақлаш ва тиббиёт жамғармаси, Сув корпорацияси, Ер ва уй-жой корпорацияси (ЛҲ) ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларга ёрдам кўрсатди. Жанубий Корея компаниялари ҳам бу жараёнда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга имкон беради, дея қайд этилади Корея Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси хабарида.