Коррупцияга қарши курашиш борасидаги халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида «Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини ошириш» мавзусида онлайн халқаро веб-конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Бош прокуратура раҳбарияти, БМТ тузилмалари, Европа халқаро идоралари, шунингдек, Молдова, Руминия, Словения, Украинадан экспертлар ҳамда халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, ваколатли органлар мақсад ва вазифаларини такомиллаштириш, коррупциявий қилмишларни криминаллаштириш, коррупциявий жиноятларни аниқлашда янги усул ва воситаларни қўллашдаги замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Етказилган зарарни тўлиқ қоплаш, коррупцияга қарши курашиш борасида халқаро меъёрларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, жиноий йўл билан топилган даромадларни мусодара қилишда хорижий давлатлар амалиёти каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Европа Кенгашининг Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Мустафа Ферати, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳуқуқий маслаҳатчиси ва бошқалар коррупцияга қарши курашишдаги халқаро меъёрларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, жиноий йўллар билан топилган маблағ ва активларни мусодара этиш билан боғлиқ муаммолар бўйича ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Анжуманда халқаро экспертлар коррупцияга қарши кураш соҳасида Ўзбекистонда хорижий амалиётни татбиқ этиш борасида амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.