Ўзбекистонда ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида «Ўзбекистонда ёшлар меҳнат миграциясини тартибга солиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халқаро илмий-амалий конференция Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда халқаро муҳожирлар сони дунё бўйича 272 миллион кишига етган ва уларнинг учдан икки қисми меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизидир.
70 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Марказий Осиё мамлакатлари учун асосий масалалардан бири бу – ёшлар миграциясидир. Миграция масаласида минтақанинг барча мамлакатларида умумий хусусиятларни кузатиш мумкин.
Маълумотларга кўра, ҳар йили 600 мингдан зиёд битирувчи меҳнат бозорида барқарор иш ўрни топишга интилади. Бу, ўз навбатида, соҳани ривожлантиришни талаб этади.
Бу ўринда асосий вазифалардан бири тартибли меҳнат миграциясини ташкил қилишдир. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасидаги меҳнат мигрантлари умумий сонининг 52 фоизи 16-30 ёшдаги фуқаролар бўлган.
Ташқи меҳнат миграцияси соҳасини либераллаштириш Ўзбекистон меҳнат мигрантларига халқаро меҳнат бозорининг тўлақонли иштирокчиларига айланишига имкон берди. Хусусан, қабул қилинган ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ташқари хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш соҳасида икки томонлама ҳукуматлараро битимлар тузилди. Халқаро стандартлар асосида янги қонунлар ишлаб чиқилмоқда ва мавжудларига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Анжуманда иш берувчи томонидан меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, меҳнат миграцияси жараёнларининг фаоллашуви ва унда ёшлар иштироки тобора ортиб бораётгани, 30 ёшгача бўлган ёшларнинг миграция жараёнидаги фаол иштироки, мамлакат иқтисодий кўрсаткичининг ўсиши, аҳоли бандлигини вақтинча таъминлашга ижобий таъсир қилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.