Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий ривожланиш: ўзаро ҳамкорликнинг янги тажрибаси
21 июль куни Халқаро меҳнат ташкилотининг Глобал саммити доирасида «БРМ ва барқарор ижтимоий ривожланиш» мавзусида БМТнинг 75 йиллигига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди.
Муҳокама Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури томонидан ташкил этилди.
Унда миллий парламентнинг иккала палатаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли тузилмалари, ЖССТ, ХМТ, Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувни очиб берар экан, мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус, ЖССТнинг минтақавий директори Ханс Клюге, Африканинг устувор масалалари ва ташқи алоқалар бўйича Бош директорининг ёрдамчиси Эдуард Фирмин Матоко, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азулай видеоконференция қатнашчиларига табрик нутқи билан мурожаат қилдилар.
Шунингдек, ХМТ бош директорининг ўринбосари – ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бюроси директори Хайнц Коллернинг видеомурожаати тингланди. Х.Коллер пандемия нафақат соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз эканлигини, балки бутун дунё иқтисодиёти ва жамияти учун чуқур зарба бўлганлигини ҳам таъкидлади. Бу ҳолат дунё ҳамжамиятини БРМ 8 нинг муносиб меҳнат ва бошқа мақсадларга эришиш борасидаги ютуқларидан узоқлаштириш хавфини туғдиради. Шу билан бирга, Хайнц Коллер таъкидлаганидек, инқироз кенг қамровли, мувофиқлашган ва самарали кўп томонлама чораларни талаб қилади.
Х. Коллер ўз нутқида 1 июлда бўлиб ўтган ХМТ минтақавий саммитида иштирок этгани учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусановга миннатдорчилик билдирди.
Хайнц Коллер ҳукуматнинг одатдаги даврда ҳам, инқироз даврида ҳам муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, «Ўзбекистон сиёсий садоқат ва етакчиликни намойиш қилди» дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда миллий меҳнат бозорининг энг долзарб муаммолари, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий мулоқот ва халқаро ҳамкорликнинг янгиланган йўналишларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хулоса ўрнида Х.Коллер Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати ва ижтимоий шерикларни «БРМ мақсадларига эришиш йўлидаги яна бир қадамни тезлаштириш учун» қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.
Тадбирнинг биринчи сессиясида пандемиядан кейин Ўзбекистонда БРМга эришиш учун саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурияти билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ёрдамчиси ва БМТТД бошқарувчисининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дьйе ушбу даврда кўзда тутилган вазифаларнинг алоҳида долзарблигига видеоконференция иштирокчиларининг эътиборини қаратди.
Видеоконференция иштирокчиларига «COVID-19 дан кейин БРМларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг ихтиёрий миллий шарҳи» тақдим этилди. Сўнгра «Инсон ҳуқуқлари 2030 йилгача бўлган муддатда кун тартибида: Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга киритилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг ихтиёрий мажбуриятлари» мавзусида маъруза тингланди.
ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси директорининг ўринбосари Ҳолуд Ал-Ҳалдий барчага муносиб меҳнатни таъминлашга қаратилган барқарор тараққиёт соҳасидаги 8-мақсадининг ҳар томонлама таҳлилини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг кенг кўламли дастурига тўғри келди, бу эса меҳнат бозорига, шунингдек, мамлакатда бандлик даражаси ва сифатига ҳам таъсир қилади. Сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилган кенг қамровли ва таркибий ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда деярли барча БРМга эришишда сезиларли ютуқлар қўлга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов иштирокчиларни COVID-19 дан кейинги даврда муносиб меҳнат шароитларини яратиш соҳасидаги тажрибалар билан таништирди. У саммит иштирокчиларига Президент Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида ҳукумат томонидан бандликни рағбатлантириш, иш ўринлари ва ишчилар даромадларини сақлаш, соҳада хавфсизлик ва гигиена таъминоти, камситиш ва ижтимоий четлашнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли инқирозга қарши чоралар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Хусусан, Ўзбекистонда ХМТ кўмагида 2030 йилгача меҳнат бозори учун муҳим стратегик ҳужжат бўлган Миллий бандлик стратегиясини шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди. Вақтинча иш билан таъминлаш хизматларининг қамрови ва йўналишини кенгайтириш учун Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 450 миллиард сўм (25 миллион АҚШ доллари) миқдорида маблағ ажратилди. Пандемиянинг уч ойи давомида 230 мингга яқин ишсиз фуқаролар Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобига иш билан таъминланди.
Уй-жой қуриш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун кам таъминланган оилаларни субсидиялаш механизми ишлаб чиқилди, бунинг натижасида 40 мингдан ортиқ оила даромад билан таъминланди. Аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча субсидиялар ажратилиши ҳисобига 3 минг ишсиз иш билан таъминланди. Ишсизлик нафақасини олиш тартиби соддалаштирилди. Ишсизлик нафақасини янги тартиб бўйича 20 мингга яқин ишсиз фуқаролар фойдаланишди. Умуман олганда, уч ой давомида мувофиқлаштирилган ишлар натижасида вазирлик 374 минг фуқарони бандлик ва доимий даромад билан таъминлади.
Пандемия пайтида ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилиш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилди ва корхоналарда санитария меъёрлари ва меҳнат хавфсизлиги бўйича тизимли мониторинг ташкил этилди.
Меҳнат инспекторларининг кузатув гуруҳлари 5757 та корхонага ташриф буюришди. «1176» қисқа рақамли ишонч телефони билан алоҳида «Callcenter» ташкил этилди. Давлат меҳнат инспекцияси томонидан фуқароларнинг меҳнат қонунлари бузилиши ва иш жойидаги камситиш тўғрисидаги 8,2 мингта, шу жумладан аёллардан 3 мингта мурожаат кўриб чиқилди. Ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, 3,6 минг фуқаронинг, шу жумладан 1,2 минг аёлнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Пандемия шароитида ишчиларни зудлик билан «масофавий» иш режимига ўтказиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, вазирлик «Ишчиларни узоқдан ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида низом»ни жорий этди. Ҳомиладор аёлларга, кекса ёшдаги ва имконияти чекланган инсонларга, сурункали касалликларга чалинганларга масофадан туриб ишлаш ҳуқуқидан фойдаланишда устуворлик берилди.
Шунингдек, Нозим Хусанов Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган инқирозга қарши чоралар Халқаро меҳнат ташкилотининг пандемияга қарши курашиш бўйича тўртта асосий тамойилларига тўлиқ мос келишини таъкидлаб ўтди: 1) иқтисодиётни ва бандликни рағбатлантириш; 2) корхоналар, иш ўринлари ва даромадларни қўллаб-қувватлаш; 3) ишчиларни иш жойларида ҳимоя қилиш; 4) ижтимоий мулоқот.
Глобал саммит доирасида пандемия шароитида ва ундан кейинги даврда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича муҳокамалар давом этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги