Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан ортиқ инсонпарварлик юкини етказиб берди
Юк Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топширилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси манбасига асосланиб.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси Бирдамлик ва COVID-19 га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали ЖССТ Бош қароргоҳи томонидан харид қилинган, умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ ва умумий оғирлиги 85 тоннага яқин бўлган инсонпарварлик юкини COVID-19 пандемиясига жавоб чора-тадбирлари доирасида, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида, Ўзбекистон Республикасига етказиб берди.
Инсонпарварлик юкини жўнатиш икки босқичда амалга оширилди. 619 минг 400 та юз ҳимоя қалқончаси ва 2 миллион 176 минг дона жарроҳлик ниқобидан иборат биринчи жўнатма Тошкентга 8 июлда етказиб берилди. Навбатдаги кўмак эса пойтахтимизга 17 июль куни олиб келинди. ЖССТнинг бу галги ёрдами шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, ҳимоя кўзойнаги (95 минг 200 дона), ҳимоя кийимлари (178 минг дона), жарроҳлик ниқоблари (12 минг дона), KN95 респиратор ниқоблари (1 миллион 64 минг дона)дан иборат.
Қайд этиш жоиз, ушбу инсонпарварлик юки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисмидир.