Ўзбекистон ва Индонезия ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказди
Бугун Ўзбекистон Республикаси ва Индонезия Республикаси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг саккизинчи давраси видеоконференция шаклида бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиков ва Индонезия ташқи ишлар вазири ўринбосари Десра Перчая бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Индонезия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди, халқаро ташкилотлар ва тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш мақсадида давлатлараро сиёсий мулоқотга тизимлилик тусини беришга қизиқиш билдирилди. Шу нуқтаи назардан икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш учун шартнома-ҳуқуқий базани кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Онлайн конференцияда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш механизмлари батафсил муҳокама қилинди. Ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш бўйича амалий чоралар кўришнинг долзарблиги, савдо алоқаларининг ҳозирги кўрсаткичлари томонларнинг мавжуд салоҳиятига мос эмаслиги қайд этилди.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида Иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Индонезия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатларига муҳим эътибор қаратилди.
Делегация раҳбарлари туризм соҳасидаги муносабатларнинг динамик характерини эътироф этди, зиёрат туризми ва ҳалол туризмни ривожлантириш учун қулай шароит яратишнинг муҳимлигини таъкидлашди.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик, хусусан, пандемия шароитида қўшма тадбирларни ташкил қилиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши, жумладан, Тошкент давлат аграр университети ҳузурида Богор қишлоқ хўжалиги университети Тадқиқот маркази очилишининг режалаштирилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Мазкур йўналишдаги фаол ишларни келгусида ҳам давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Видео манзили:https://youtu.be/UTjBJU0FGEY