Ўзбекистон ва Австрия Ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари Венада ўзаро муносабатларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов сешанба куни Австрия Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари – ТИВ сиёсий директори Грегор Кёззлер билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашув чоғида Ўзбекистон-Австрия муносабатларини чуқурлаштириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди, ўзаро манфаатли барча йўналишларда икки томонлама ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганлиги қайд этилди.
Олий ва юқори даражалардаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ҳамда икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида мунтазам сиёсий масалаҳатлашувларни ўтказиш орқали сиёсий мулоқотни давом эттиришнинг муҳимлиги таъкидланди.
Австрия ТИВ раҳбари ўринбосари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар сабабли Австриянинг йирик компанияларида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ортаётганлиги тўғрисида маълум қилди.
Австрия Ўзбекистон билан халқаро ташкилотлар доирасидаги самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.
Таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларидаги Ўзбекистон-Австрия алоқаларини келгусида янада ривожлантиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.