Адлия вазири ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу билан видеоконференция шаклида истиқболдаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор жиҳатларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими манбасига асосланиб.
Р. Давлетов Адлия вазирлиги ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасидаги ўзаро муносабатлар суръати, ҳамкорликдаги ишлар бўйича эришилган натижалар хусусида тўхталиб ўтди.
Хусусан, элчихонанинг «Мадад» ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда бепул юридик ёрдамни ривожлантиришга қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилди.
Элчи вазирликнинг соҳани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, «Мадад» ННТ фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Томонлар фаолиятнинг ўхшаш йўналишларида тажриба алмашиш учун Ўзбекистон ва Буюк Британия давлат ташкилотлари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.
Суҳбатдошлар, шунингдек, Британиянинг «Slynn Foundation» жамғармаси билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ органлари вакиллари малакасини ошириш, фуқаролик жамияти ва ННТни ривожлантириш, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.