Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Идоралараро комиссия ва музокаралар олиб бориш гуруҳининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши бўйича музокаралар олиб бориш гуруҳининг видеоконференция шаклида қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов олиб борди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Мажлисда ЖСТга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама музокараларга тайёргарликнинг бориши кўриб чиқилди.
Жорий йил 7 июль куни ЖСТга аъзо 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этган Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунлари бўйича 23 давлат вакиллари ва ЖСТ Бош директорининг ўринбосари А.Вулф Ўзбекистонни Ташкилотга киришини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳақида баёнот бергани унинг алоҳида аҳамиятга эга эканидан далолат беради.
Экспертларнинг фикрича, Ташкилот тарихида илк бор 15 йиллик танаффусдан сўнг музокаралар жараёнини қайта бошлаган Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишидаёқ ЖСТга аъзо мамлакатлар томонидан Ўзбекистоннинг Ташкилотга кириши бўйича Ишчи гуруҳ маърузасининг асоси ҳисобланган Фактологик хулосани тайёрлаш босқичига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мажлис давомида ЖСТга аъзо мамлакатлар билан товар ва хизматларнинг бозорларга чиқиши бўйича икки томонлама музокараларга тайёргарликнинг бориши ҳақида маълумот берилди.
Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига стратегик ҳужжатларни ўз вақтида шакллантириш, ваколатли ходимлар ва мутахассисларни жалб этиш, ЖСТга аъзо мамлакатларнинг саволларига жавоб бериш учун зарур маълумотларни тўплаш мақсадида музокараларга сифатли тарзда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида кўрсатма берилди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тайёргарлик жараёнини мувофиқлаштиради ва унинг доимий мониторингини олиб боради.
Мажлис якунида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши юзасидан музокараларнинг кейинги босқичига ўтиш бўйича чора-тадбирлар тасдиқланди, аниқ режалар белгилаб олинди ва бу жараёнда устувор вазифалар қайд этилди.