Ўзбекистон Президенти қишлоқ ва сув хўжалигидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, соҳада бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича долзарб вазифаларни белгилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 июль куни видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва бозор муносабатларини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот хизматига таяниб.
Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан бошлаб, қайта ишлаш ва экспортдан қўшимча даромад олишгача бўлган жуда кўп масалалар айнан қишлоқ хўжалиги ривожи билан боғлиқ. Шунинг учун давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиб, бозор механизмларини жорий этиш, резерв ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил қилишга киришилди. Президентнинг 2019 йил 23 октябрдаги фармони билан қабул қилинган Қишлоқ хўжалигини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида бу борадаги энг долзарб ва истиқболли вазифалар белгилаб берилди.
Соҳани модернизация қилиш бўйича 500 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш юзасидан Жаҳон банки билан келишувга эришилди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта илм ва инновацияни ривожлантириб, тармоқда бошқарувни халқаро стандартлар асосида ташкил этишга маблағ йўналтирилмоқда.
Бугунги йиғилишда айнан шу масалаларга биринчи навбатда эътибор қаратилди. Аграр соҳа ривожланган давлатларда қўлланилаётган “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни ўз ичига олган хизматлар тизими”ни юртимизда ҳам жорий этиб, илм билан ишлаб чиқаришнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Мазкур лойиҳа доирасида шу йўналишдаги 8 та илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги бир қатор ташкилотлар фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, замонавий лабораториялар ва ускуналар билан жиҳозланади. Бунинг учун Жаҳон банкининг 124 миллион доллар инвестицияси ва Европа Иттифоқининг 2 миллион доллар грант маблағлари йўналтирилади.
Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевга халқаро экспертлар билан бирга илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини чуқур таҳлил қилиб, уларни тубдан такомиллаштириш бўйича ҳар бир институт учун алоҳида “йўл харитаси” ишлаб чиқиш топширилди. Бу муассасаларга замонавий билимга эга, илмий янгиликларни амалиётга жорий қиладиган салоҳиятли кадрларни жалб этиш муҳимлиги айтилди.
– Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу имкониятдан тўғри фойдаланган ҳолда, эскича ишлаш услубидан тўлиқ воз кечиб, фермерларга яхши хизмат кўрсатиш ва янги сервис турларини кенгайтиришга ўтиши керак. Бир сўз билан айтганда, вазирлик ва унинг таркибидаги ташкилотлар фаолияти трансформация қилиниши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Рақамли технологиялардан фойдаланилаётган лойиҳалар самарадорлиги қайд этилиб, бу борадаги ишларнинг бориши муҳокама қилинди.
Мева-сабзавотчилик кооператив ва кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 212 миллион доллар ажратилиши белгиланган.
Президент ички бозорни арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, “даладан истеъмолчигача” тизимини жорий этишда мева-сабзавотчилик кластерлари асосий драйвер бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу боис, ажратилаётган маблағни тўғри йўналтириб, бир сўмни икки сўм қиладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бунинг учун маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш қувватларини оширишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги айтилди.
Туманларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бу борада Жиззах вилояти намуна бўлиб, келгуси уч йилда вилоятда қарийб 120 минг гектарга яқин ер ўзлаштирилиши, боғ ва токзорлар ташкил қилиниб, мойли экинлар экилиши режалаштирилган.
Бу тажрибани босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий қилиш, ҳар бир туманда кўпи билан 3-4 та экспортбоп ва юқори даромад берувчи маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
2021 йил якунигача 3 минг гектарда плантация шаклида интенсив боғлар барпо этиб, янги тартиб асосида аҳолига 1-1,5 гектардан тарқатган ҳолда, 2-2,5 минг оиланинг бандлигини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.
Йиғилишда сувдан оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида ҳам сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 июлдаги фармони билан тасдиқланган Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида бу борадаги барча жиҳатлар белгилаб берилган. Жумладан, каналларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда 2 миллион гектарда сув тежовчи, шундан 600 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш ҳисобига йилига 7 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, рақамлаштириш ҳисобига электр энергияси сарфини 2 миллиард киловатт соатга қисқартириш каби кўрсаткичлар белгиланган.
Сув хўжалиги вазирлиги бу вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаши, халқаро экспертларни жалб қилиб, янгича услубда ишлаши зарурлиги таъкидланди. 2025 йилга қадар соҳани тўлиқ рақамлаштириш, жумладан, сувни назорат қилиш ва ҳисобини онлайн тарзда юритиш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Президентимиз ғалла етиштириш якунларига тўхталиб, шундай мураккаб шароитда ҳам дала меҳнаткашлари омилкорлик билан 6 миллион 400 минг тоннадан ортиқ ғалла ҳосили етиштирганини таъкидлади. Бунинг учун барча фермер, деҳқон ва кластерларга халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирди.
Видеоселекторда, шунингдек, ғўза парвариши бўйича агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳамда такрорий экинлар экиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
– Умуман олганда, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш ва соҳада бозор иқтисодиётини кенг жорий этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига, энг асосийси, халқимизнинг кайфияти ва турмуш тарзига таъсир кўрсатадиган жуда муҳим масала, – деди Шавкат Мирзиёев.
Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар топшириқлар ижросини ташкил этиш, айтиб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.
Йиғилиш сўнгида давлатимиз раҳбари яна бир бор пандемия масаласига тўхталди:
- Яна бир марта халқимизга мурожаат қилиб, илтимос қилмоқчиман. Ўтган даврда жуда катта тажриба орттирдик. Кейинги пайтларда иқтисодиётимизни тиклаш учун карантин тартибини юмшатдик, лекин касалланганлар ва ўлимлар сони кўпайгани бизни, албатта, катта ташвишга солмоқда.
Ўзимизни, фарзандларимизни, азиз ота-оналаримизни асрайлик. Фақат ва фақат соғлиғимизни ўзимиз асраб, оила аъзоларимизни, қариндошларимизни соғлиғига огоҳ бўлиб, йиғинларни камайтириб, карантин нормаларига риоя қилсак, касалликни жиловлаб оламиз.