Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати – мамлакат, минтақа ва дунё тараққиёти ва фаровонлигига салмоқли ҳисса
Ўзбекистон ҳаётида сўнгги йилларда оламшумул, кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, халқаро ҳамжамият мамлакат иқтисодиётининг либераллаштирилиши, яқин ва қўшни давлатлар билан ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши ёхуд минтақада барқарор тараққиёт кафолати бўлган Афғонистонни Марказий Осиё кенг макони иқтисодий ҳаётига фаол интеграциялашувини таъминлашдаги амалий қадамларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев номи билан бевосита боғлиқ эканини қайд этмоқда.
Бугун БМТ, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тузилмалар минбарларидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳамда очиқ сиёсат юритиш бўйича эришилаётган натижалар ҳақли эътироф этилмоқда.
Хусусан, мамлакат ичидан туриб ушбу ислоҳотлар самарасига бевосита гувоҳ бўлаётган хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиялари раҳбарлари “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда минтақавий ва халқаро муносабатларда туб бурилиш палласига айланаётган ушбу жараёнларни қуйидагича баҳолади.
Аҳмад Ҳолид ЭЛМИЙ, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Ана шу жиҳатлар бугунги кунда кўплаб масалалар бўйича яқин мулоқотни давом эттириш имконини бермоқда.
Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришган кундан бошлаб Афғонистон билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида бу муносабатлар юқори даражага кўтарилди ва Афғонистон Ислом Республикаси ўзининг ташқи сиёсатида Ўзбекистон Республикаси билан дўстлик тамойилларини устувор йўналиш сифатида белгилаб олди.
Афғонистон Президенти таъкидлаганидек, Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мамлакатнинг бошқа давлатлар билан бўлган муносабатлари учун ёрқин намуна бўлиши керак.
Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт, инфратузилма ва бошқа соҳаларга оид 30 дан зиёд битим ва шартнома амал қилмоқда.
Шунингдек, икки мамлакатнинг жуғрофий жойлашуви, ривожланган халқаро транспорт даҳлизларининг мавжудлиги ва бошқа омиллар натижасида ўзаро савдо айланмасини 1,5 миллард долларга етказиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг олий даражадаги учрашувлари, уларда эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Афғонистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш лойиҳаси ва «Мозори-Шариф – Ҳирот» йўналишида темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатлар афғон халқининг келажагига Ўзбекистон бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Афғонистон Ўзбекистон раҳбариятининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, уни минтақавий сиёсий ва иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш, афғонлараро тинчлик музокараларини илгари суриш ҳамда минтақавий келишув борасида олиб бораётган сиёсатини юқори баҳолайди.
Иброҳим ЖУНУСОВ, Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган муваффақиятли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, минтақавий ва халқаро масалалардаги изчил қадамлар натижасида Ўзбекистон жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллади. Мамлакат ўзига хос ривожланиш йўлини топди ва бу борада қатъий қадамлар билан олдинга интилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мамлакатларимиз ўртасида сўнгги йилларда ўзаро саъй-ҳаракатлар ва муштарак интилишлар асосида мустаҳкамланган муносабатлар ўзаро қўллаб-қувватлаш, мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган ҳолда нафақат мамлакатларимизнинг, балки Марказий Осиё минтақасининг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда.
Пандемияга қарамай, давлат раҳбарлари кенг кўламли масалалар, жумладан, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисида доимий мулоқотлар олиб бормоқда.
Қардош Қирғизистон ва Ўзбекистон халқлари мамлакатлар ўртасида қарор топган дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларидан келиб чиқиб, бир-бирларига ҳар доим ёрдам кўрсатиб келган. Икки давлат раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган телефон орқали суҳбат чоғида ўзаро инсонпарварлик ёрдамлари учун миннатдорлик изҳор этдилар.
Қайд этиш жоиз, Қирғизистон – Ўзбекистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда барча давлатлараро масалалар ўзаро манфаатли шартларда ва томонларнинг нуқтаи назарларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинмоқда. Қирғизистон Ўзбекистон билан нафақат ўзаро, балки кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Томонларнинг Қирғизистон-Ўзбекистон чегараларини делимитация қилиш бўйича олиб борган ишларида ижобий динамика қайд этилди ва бу, шубҳасиз, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатди. Яқин келажакда икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия, Қирғизистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари иштирокида чегара хизматлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси, шунингдек, Жогорку Кенеш билан Олий Мажлис ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилган.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз ва давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олий ва юқори даражадаги учрашувлар, алоқалар ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш зарур. Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилганини тан олиш керак.
Яқинда Президент Сооронбай Жээнбеков аҳоли билан учрашуви чоғида «Узоқ қариндошдан кўра яқиндаги қўшни яхшироқдир. Қирғиз ва ўзбек халқлари асрлар давомида ёнма-ён, аҳил ва дўст бўлиб яшаб келган. Икки мамлакат нафақат жуғрофий жиҳатдан бир-бирига яқин, бизда ягона тарих, ягона дин, битта тил ва ўхшаш анъаналар мавжуд", - дея қайд этди.
Қирғизистон Президенти сўнгги йилларда икки давлат нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқаларни ҳам фаол ривожлантираётганини таъкидлади.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолияти бошланиши билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда. Биз ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интиламиз, барча муаммоларни биргаликда ҳал қиламиз. Фарзандларимиз ва мамлакатимиз келажаги учун қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирамиз", - деди Президентимиз Сооронбай Жээнбеков.
Содиқ ИМОМИЙ, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган конструктив ички ва ташқи сиёсат туфайли дўст Ўзбекистон ҳаётнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар йўлида дадил қадам ташламоқда.
Тўрт йил олдин эълон қилинган ва муваффақиятли амалга оширилаётган халқ билан мулоқот тамойили ушбу ислоҳотларнинг жамият томонидан қатъий қўллаб-қувватланишини таъминлади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси нафақат ривожланишнинг келажакдаги модели ҳақида ўз фикрларини билдириш, балки ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Шу сабабли бугун ишонч билан айта оламизки ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда самарали фуқаролик жамияти институтлари билан дунёга очиқ ривожланаётган мамлакат сифатида мустаҳкам платформа шаклланди.
Ўзбекистоннинг янги сиёсати бизнинг умумий уйимиз – Марказий Осиёда биргаликдаги маданий ва маънавий қадриятларимизга, мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига мос келадиган умумий имкониятларга асосланган янги ҳамкорлик муҳитини шакллантиришга ёрдам бермоқда.
Биз буни узоқ муддатли истиқболга йўналтирилган стратегик шерикликка асосланган Тожикистон – Ўзбекистон муносабатлари муваффақиятли ривожланаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўтган йилги парламентга йўллаган мактубида ўзбекистонлик ҳамкасбининг шахсий ҳиссаси ва ролини алоҳида таъкидлаб, унинг Марказий Осиёдаги барча халқларнинг интилишларига мос келадиган сиёсатини юқори баҳолади.
Биз, самимий дўстлар ва яхши қўшнилар сифатида биродарларимизнинг ютуқларидан хурсандмиз ва, ўз навбатида, ижобий ўзгаришларнинг ортга қайтмаслигини таъминлаш, тарихий кўп қиррали алоқаларимизнинг гуллаб-яшнаши учун уларни янги имкониятлар билан тўлдириш учун барча имкониятни ишга солишга тайёрмиз.
Язгули МАММЕДОВ, Туркманистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Халқларимизнинг азалий қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари, шунингдек, умумий тарих, тил, маданият, урф-одат ва анъаналари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Шу сабабли Туркманистон сўнгги йилларда қардош мамлакатда рўй бераётган ижобий ўзгаришларни хайрихоҳлик билан қарши олмоқда.
Ўзбекистон Республикасида "очиқ эшиклар" сиёсати эълон қилингани ва Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан бери аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилиб, мамлакатда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда ва давом этмоқда.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидаларини амалга оширишда юқори суръатлар мавжудлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Қардош туркман халқининг вакили сифатида "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла", "Ҳар бир оила – тадбиркор", "Ёшлар – бизнинг келажагимиз", "Беш ташаббус" каби муҳим дастурларни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг ижобий самараларини кўриш менга катта мамнуният бағишлайди.
Маълумки, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат стратегияларининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини ўз ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаши, шунингдек, давлатнинг фаол минтақавий сиёсати дунё миқёсида тобора кўпроқ эътиборни жалб қилмоқда.
Бугунги кунда икки давлат раҳбарлари – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси, қардошлик муносабатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилди ва муболағасиз айтиш мумкинки, ўзаро манфаатли ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада жадал ривожланмоқда.
Энергетика, транспорт, муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги каби кўплаб соҳаларда мамлакатларимиз ўртасидаги манфаатли ҳамкорликнинг кенг доираси Туркманистон билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан кучлироқ эканидан далолат беради.
Биз Ўзбекистон бугун жадал ривожланиб бораётганидан чин дилдан мамнунмиз. Мамлакатнинг янада равнақ топиши ва ўзбек халқи фаровонлигининг ошишига қаратилган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг юксак суръатларда давом этаётгани айни ўзгаришлар йўналишларидандир.
Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига дипломатик ваколатхонамиз фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун ўз миннатдорлигимизни билдираман, мамлакат равнақига қаратилган барча ишларда муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса фаровонлик, тинчлик ва Туркманистон – Ўзбекистон дўстлигининг абадий бўлишини тилайман.
Цзян ЯНЬ, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Сўнгги тўрт йилда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида турли соҳаларда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўплаб стратегиялар, концепциялар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар мамлакатнинг улкан салоҳиятини очиб берди.
Биз мамлакатда жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг гувоҳи бўлмоқдамиз, ташқи дунёга очиқлик ошмоқда, Ўзбекистоннинг минтақадаги ва умуман дунёдаги ўрни ва мавқеи сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик раҳнамолиги остида Хитой – Ўзбекистон муносабатлари жадал ривожланмоқда.
Икки мамлакат ўртасидаги эпидемияга қарши ҳамкорлик алоқаларимиз юксак даражада эканини яна бир бор намойиш этди. Биз бир-биримизга маънавий ва гуманитар ёрдам кўрсатдик.
Бир гуруҳ хитойлик тиббиёт ходимлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Мингга яқин хитойлик мутахассис қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантиришга кўмаклашиш учун чартер рейсларда Ўзбекистонга келди.
Вабо билан ёнма-ён туриб курашаётган халқларимиз ҳар қандай қийинчиликларни албатта енгиб, якуний ғалабани қўлга киритишига ва дўстона муносабатларимиз мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги учун янада мазмунли ва чуқурроқ бўлишига ишончимиз комил.
Эдуардс Стипрайс, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи:
- Мен Ўзбекистонда 2016 йил сентябрь ойида фаолиятимни бошлаганимда, кўп жиҳатдан ташқи дунёдан ҳимояланган давлатни кўрган эдим. Ишлаш усуллари ҳам илғор эмасди.
Аммо сўнгги тўрт йил давомида биз мамлакатда амалга оширилаётган оламшумул воқеалар ва кенг кўламли ўзгаришларни кузатиб бориш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Биз Ўзбекистонда давлат институтларини босқичма-босқич демократлаштириш жараёнини амалда кўриб турибмиз. Фуқаролик жамияти соҳасида бу ўзгаришлар асосан инсон ҳуқуқларини таъминлашга тааллуқли бўлмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, авваллари ушбу мавзу ҳақида гапирилмас эди. Энди эса уни очиқ ва эркин муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларга амалий ечимлар таклиф қилиш мумкин. Менимча, бу жуда ва жуда муҳимдир.
Давлат идоралари ва вазирликларда ўрта бошқарув даражасидаги ходимларга кўпроқ ваколатлар берилаётгани ҳақида ҳам тўхталиш керак. Шунингдек, ҳудудлардаги ишларни жонлантириш учун уларнинг ҳам ваколатлари оширилаётгани эътиборга молик. Бу жараёнлар ҳали давом этади.
Биз иқтисодиётни либераллаштириш жараёнини кузатмоқдамиз, қишлоқ хўжалигидаги улкан ислоҳотларни кўрмоқдамиз. Европа Иттифоқи мазкур ўзгаришларга, жумладан, қишлоқ хўжалигини бюджет томонидан бевосита қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ҳам кўмак бермоқда.
Шу ўринда фаолиятим доирасида эътиборимни тортган яна бир жиҳатга тўхталмоқчиман.
Мен мамлакатга энди келган пайтларим Ўзбекистон масъул ходимлари билан мулоқот қилиш жуда ҳам расмий тусда йўлга қўйилган эди. Масалан, ҳар қандай маълумот алмашинуви фақат дипломатик ноталар ёрдамида амалга ошириларди. Шу боис 2017 йилнинг ўрталарида бир вазирлик раҳбарининг ўринбосаридан электрон почта манзили ва мобиль телефон рақами кўрсатилган ташриф қоғозини олганимда мен жуда ҳам катта ҳайратга тушган эдим.
Халқ манфаатлари йўлидаги лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беришимиз мумкин бўлган масъул ходимлар билан бевосита ҳамкорлик қилишда катта ютуқларга эришдик. Бугун расмий рухсатни кутмасдан ҳар қандай масалани тўғридан-тўғри муҳокама қилишимиз мумкин бўлаяпти. Бу эса биргаликдаги ишлар самарадорлигини оширишга катта имкониятлар очмоқда.
Пандемия шароитида бундай муносабатлар ўзининг долзарблигини намойиш этди. Эски иш услублари билан бугун кўплаб амалий масалаларга ечим топиб бўлмасди. Янги шароитларда эса биз тўғридан-тўғри, шу жумладан видеоконференциялар орқали боғланиш имкониятига эга бўлаяпмиз.
Бугун Ўзбекистон билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорликка оид шартнома бўйича музокаралар айнан шу тарзда ўтмоқда. Биз Ўзбекистон ва жаҳондаги пандемия оқибатида юзага келган чекловларга қарамасдан турли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун зарур кўникмаларга эга бўлдик.
Мен Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан келгусидаги ҳамкорлигига катта ишонч билан боқаман. Европа Иттифоқининг янги бюджети амалга ошириладиган навбатдаги етти йил давомида Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида биргаликда кўплаб лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ қиламиз.
Ва, албатта, мен Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва иқтисодиётни қайта тиклаш жабҳасидаги ҳамкорлигимизга катта умид билан қарайман. Ушбу мамлакатда яқин келажакда, албатта, тинчлик ва осойишталик қарор топади.