Жон МакГрегор: Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ЕХҲТ доирасидаги мажбуриятларга 90 фоиз мос келади
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Конрад Аденауэр жамғармаси ҳамда ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда Давлат дастурининг биринчи йўналиши – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг ярим йиллик ижроси натижаларига бағишланган халқаро онлайн “давра суҳбати” шаклида ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Халқаро онлайн тадбирда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари ва дипломатик корпус вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Видеоконференцияда Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Бунда алоҳида эътибор мамлакатда янги институт – Жамоатчилик палатаси ташкил этилганига қаратилди.
— Давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият юритиши, пировардида, мамлакатнинг жадал тараққий этишида жамоатчилик назорати омилининг ўрни беқиёс,— деди «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков. — Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасининг Президент ҳузурида мутлақо янги институт сифатида ташкил этилишидан кўзланган мақсад ҳам фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат бирлигини мустаҳкамлаш орқали халқнинг ҳокимиятдан, ҳокимиятнинг халқдан узоқлашишининг олдини олиш, Конституциямизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципини амалда рўёбга чиқаришга қаратилган.
ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, Элчи Жон МакГрегор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти ҳақида гапирар экан, уни ЕХҲТ доирасидаги мажбуриятлар билан таққослаб кўрилганида, 90 фоиз ҳолатда бир-бири билан мувофиқ экани аниқланганини қайд этди.
Маълумки, бу йилги Давлат дастурининг биринчи йўналишида 38 та банддан иборат чора-тадбирларни бажариш белгиланган. Ярим йиллик сарҳисоби бу борада ислоҳотлар амалга оширилганини кўрсатди.
Онлайн “давра суҳбати” давомида сенаторлар ва депутатлар сўзга чиқиб, 2020 йилги Давлат дастурининг биринчи йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотларни тақдим этишди ва бу борада парламент назорати таъминланганлигини таъкидлаб ўтишди.
Тадбир якунида, 2020 йилги Давлат дастурининг 5 та йўналиши бўйича маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ваколатли орган ҳамда ташкилотларга тегишли тартибда тақдим этилиши белгиланди.