Сovid-19 га қарши курашда кўмак бериш учун Ўзбекистонга турк мутахассислари келди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида эришилган келишувга биноан юртимизга COVID-19га қарши кураш марказий штабига коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга ёрдам бериш мақсадида туркиялик бир гуруҳ мутахассислар келди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Улар орасида Туркиянинг Медипол университети илмий кенгаши аъзоси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, профессор Режеп Озтюрк, Хасеттепе университети илмий кенгаши аъзоси, жамоатчилик саломатлиги бўйича мутахассис, профессор Левент Акин ва Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, профессор Хатице Раҳмет Гюнер бор.
Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодманов турк маслаҳатчиларини қабул қилди ва мамлакатимизда COVID-19га қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил гапириб берди.
Учрашув иштирокчилари янги коронавирус инфекцияси профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг тафсилотлари ҳам муҳокама қилинди.
Туркия мутахассислари билан соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди. Бунда таълим соҳасидан тортиб, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасидаги тажриба алмашув, мураккаб жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлашгача йўналишлар қамраб олинган.
Ташриф давомида турк мутахассислари тиббиёт муассасалари, жумладан бирламчи тиббиёт муассасалари ва Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохона иш фаолияти, касалланган беморларни даволаш баёнлари, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган эпидемиологик вазиятни батафсил ўрганиб чиқади, илмий-амалий тадбирларда иштирок этади ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларида даволанаётган аҳволи ўта оғир беморларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида онлайн видеоконференция ўтказади.
Шунингдек, Туркия Республикасининг COVID-19га қарши курашдаги ижобий тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш имконияти кўриб чиқилиши режалаштирилган.