Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари тушунтирилмоқда
Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси томонидан тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан ҳамкорликда республикамиз бўйлаб давлат ташкилотлари раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари ва иш берувчилар иштирокида вебинар шаклда навбатдаги ўқув семинарини ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мазкур семинар мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мавсумий ишга жалб қилинадиган ишчиларни ёллашда меҳнат қонунчилигига амал қилиш юзасидан тушунтиришлар бериш мақсадида ташкил этилган.
Навбатдаги семинарда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов, Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакили О.Липкану, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, Иш берувчилар конфедерацияси, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси масъуллари, фуқаролик жамияти фаоллари, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятидаги фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластери раҳбарлари ҳамда иш берувчилар иштирок этди.
Тадбирда жорий йил пахта учун давлат буюртмасини бекор қилинганлигини инобатга олган ҳолда, пахта йиғим терим ишларини фақатгина пахта тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан жамоат ташкилотлари кўмаги асосида амалга оширилишини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, 2020 йилда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш мақсадига пахтачилик соҳасида меҳнатга оид асосий ҳуқуқларни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш вазифалари белгиланди.
Вебинарда иштирок этган Халқаро Меҳнат Ташкилоти мутахассиси Оксана Липкану қатнашчиларга мажбурий меҳнат тушунчасининг мазмун моҳияти, пахта йиғим терими даврида мавсумий ишчиларни ишга қабул қилишда нималарга амал қилиш зарурлиги ҳақида батафсил ахборот берди.