Франция Тараққиёт агентлиги кредитларини жалб этиш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Франция Тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 150 миллион евро кредитини жалб қилиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қарор лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 апрелдаги «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) 150 миллион евро миқдорида (Policy Based Loan) кредитини жалб этиш белгиланган.
Шунингдек, 2020 йил 6 июнда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Ўзбекистон Республикасида «Энергия иқлими» давлат мақсадли кредитини 150 миллион евро миқдорида жалб қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланган.
Лойиҳага кўра:
- ФТА кредити Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети харажатларини молиялаштириш учун ажратилади;
- Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ФТА томонидан ажратилган кредитдан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан назорат қилувчи орган ҳисобланади;
- ФТА асосий кредитини сўндириш, шунингдек улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирига электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ФТАнинг 150 миллион евро миқдорида (Policy Based Loan) кредитини жалб этиш учун Ўзбекистон Республикаси ва ФТА ўртасида имзоланадиган қарз битимини Ўзбекистон Республикаси номидан имзолаш ваколати берилади.