Марказий Осиёнинг қатор давлатлари, шунингдек, Афғонистон, Покистон ва Германия экспертлари халқаро ҳамжамиятнинг афғон йўналиши бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш тарафдори
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакиллари Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва Афғонистон Ислом Республикасида ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган халқаро онлайн-конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Германия, Покистон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги таҳлилий ва тадқиқот марказлари раҳбарлари, етакчи экспертлар иштирок этди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтидан хабар берилишича, конференцияда Афғонистонда низоларни тинч йўл билан тартибга солиш, Афғонистон иқтисодиётини тиклашда Марказий Осиё мамлакатларининг тутган ўрни атрофлича муҳокама қилинди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов тадбирни очиб берар экан, сўнгги пайтларда Афғонистон ва унинг атрофидаги низони ҳал этиш учун ижобий шароитлар шаклланаётгани ва бу Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Биринчидан, Афғонистон муаммоларини ҳал этиш тамойиллари ва ёндашувлари бўйича минтақавий ва жаҳон кучлари ўртасидаги консенсус сезиларли даражада кучайди, бу, ўз навбатида, ушбу мамлакатда тинчлик жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Бу, шунингдек, 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича халқаро конференция якунида қабул қилинган ҳамда илк марта Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида тўғридан тўғри музокараларни бошлаш зарурати тўғрисидаги глобал ва минтақавий даражада бирлашган позицияни мустаҳкамлаган Тошкент декларацияси қоидаларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасидир.
Иккинчидан, тарихий ҳужжатлар – АҚШ ва «Толибон» ўртасида тинчлик келишуви ҳамда Афғонистон сиёсий етакчиларининг инклюзив ҳукумат ва Олий Миллий ярашув кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битими имзоланди. Бу Афғонистон инқирозини тезроқ ҳал этиш борасидаги муҳим қадамлардан биридир. Айни дамда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш энг аввало, Афғонистон ичидаги барча сиёсий кучларнинг тинчлик жараёнига жалб қилинишига боғлиқ. Фақат инклюзив сиёсий жараённи таъминлаш орқалигина мамлакатда умуммиллий ярашувга эришиш мумкин.
Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ҳолда, очиқ ва изчил юритаётган ташқи сиёсати туфайли минтақада мутлақо янги сиёсий муҳит шаклланмоқда. Марказий Осиё мамлакатларининг юксак даражада бирлашуви минтақадаги долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун зарур шароит яратмоқда, Евроосиё маконида барқарор тараққиёт ва хавфсизлик масалаларини самарали тарзда илгари суришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Акрамжон Неъматовнинг қайд этишича, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларида Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича ягона консенсусга эришилган. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва Афғонистонда барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришишга кўмаклашиш бўйича қатъий истаги ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида қабул қилинган қўшма баёнотда ўз ифодасини топди. Ушбу муҳим ҳужжатда минтақа мамлакатлари Афғонистондаги низони сиёсий тартибга солиш тамойиллари – зўравонликдан воз кечиш, ўқ отишни тўхтатиш, музокаралар ва муросага тайёр бўлиш тарафдори эканликлари қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, минтақада барқарор ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан бевосита боғлиқлигини инобатга олганда, Марказий Осиё давлатлари қўшни мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларига жалб қилиш бўйича ҳар томонлама ҳаракат қилмоқда. Унинг қайд этишича, Афғонистонни қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқаларига интеграциялаш Афғонистондаги вазиятни нормаллаштиришга катта ҳисса қўшади, Евроосиё континетидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар эшигини очади.
Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси минтақавий вакили Ронни Хайне Афғонистондаги вазиятни тартибга солишда минтақавий даражадаги ўзаро келишув ва консенсусга эришиш муҳим роль ўйнашини қайд этди. Шу боис, германиялик эксперт Ўзбекистон юритаётган минтақавий сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги, жумладан, Афғонистон йўналиши бўйича муносабатларнинг фаоллашуви кузатилаётганини қайд этди.
Қирғизистон Стратегик тадқиқотлар Миллий институти директори ўринбосари Айдай Темикееванинг фикрича, пандемиянинг салбий оқибатлари шароитида Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга, чунки муаммони ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар барқарорлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга боғлиқ. Қирғизистонлик экспертнинг қайд этишича, бу шароитда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш тўғрисидаги ташаббуслари ва таклифлари жуда муҳим.
Илгари Афғонистон тоғ-кон ва нефть саноати вазири лавозимида ишлаган, ҳозирги кунда «Тинчлик ва демократия йўлида тенглик» ноҳукумат ташкилоти директори Наргис Неханнинг қайд этишича, Ўзбекистон томонидан қабул қилинаётган сиёсий ва иқтисодий чора-тадбирлар Кобулда тўла қўллаб-қувватланмоқда. Афғонистонлик экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни чуқурлаштиришга йўналтирилган минтақавий сиёсати Афғонистон ва минтақа мамлакатлари ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эксперт, Афғонистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантиришдан манфаатдорлигини маълум қилган ҳолда, минтақа давлатлари томонидан Афғонистонда ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади. Бу қўшни мамлакат учун иқтисодий ривожланиш дастурларининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Покистон Сиёсат ва халқаро муносабатлар университети профессори Зафар Жаспалнинг қайд этишича, АҚШ билан «Толибон» ўртасида имзоланган тинчлик битими кенг қамровли тинчликка эришишда муҳим омил ҳисобланади. Экспертнинг сўзларига кўра, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун нафақат қарама-қарши томонлар ўртасида келишувга эришиш, балки иш ўринларини ташкил этиш, мамлакатнинг иқтисодий тараққиётини таъминлаш зарур.
Шу нуқтаи назардан, покистонлик экспертнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш Афғонистонда барқарор ривожланишни таъминлашда ажойиб имконият ҳисобланади.
Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Афғонистондаги ваколатхонаси раҳбари Эллинор Зейнонинг қайд этишича, Берлин Тошкентнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашишга қаратилган минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Германиялик экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томонидан Афғонистонда транспорт, энергетика ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ГФР да катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қозоғистон Президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институтининг бош илмий ходими Мурат Лаумулиннинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазиятни тубдан ўзгартирадиган ҳар қандай сценарий минтақадаги кучлар мувозанатини қайта тиклаш учун кучли жараёнларнинг катализатори бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан Афғонистон муаммоси Марказий Осиё хавфсизлиги учун муҳим ҳисобланади. Қозоғистонлик экспертнинг фикрича, Афғонистондаги нисбий барқарорликка фақат Афғонистонда кураш олиб бораётган барча томонлар иштирокида мамлакатни сиёсий тартибга солиш орқалигина эришиш мумкин.
Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг бошқарма раҳбари Хуршед Додихудоев Афғонистонни Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан иқтисодий интеграцияси муаммосини кўриб чиқар экан, бу йўналишда ҳали амалга оширилмаган катта салоҳият борлигига эътиборни қаратди. Унинг сўзларига кўра, минтақадаги мамлакатларда, энг аввало чегарадош Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистонда мавжуд бўлган ресурслар Афғонистондаги кўплаб иқтисодий муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериши мумкин.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафоевнинг сўзларига кўра, Афғонистонни сиёсий тартибга солиш билан бирга Марказий Осиё давлатлари билан савдо алоқаларини ривожлантириш ҳам, Афғонистон Ислом Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим омил ҳисобланади. Экспертнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси ўзининг Афғонистон сиёсатида иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни устувор йўналишлардан деб белгилади.
Экспертнинг фикрича, «Мозори Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўли ҳамда «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси лойиҳаларининг амалга оширилиши Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши мумкин. Шунинг баробарида, лойиҳалардан Афғонистон билан қўшни бўлган деярли барча давлатлар иқтисодий фойда олади. «Мозори Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўлининг ишга тушиши натижасида Марказий Осиё давлатлари Покистоннинг Гвадар портига, Покистон – Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига чиқиш, Хитой эса Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан транспорт ҳаракатланиш узунлигини қисқартириш имконига эга бўлади. Келгусида Ҳиндистон ҳам бу лойиҳага қўшилиши мумкин.
Ўз навбатида, «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш линияси Кобулни Марказий Осиёдаги ягона энергетика тизимига улаш имконини беради, бу минтақа мамлакатлари, энг аввало Тожикистон ва Қирғизистонга электр энергияни CASA-1000 лойиҳаси доирасида Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга етказиш имкониятини тақдим этади.
Б.Мустафоевнинг қайд этишича, энг муҳими, иқтисодий ривожланиш бўйича трансминтақавий дастурлар Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланишни кучайтиришда муҳим омил бўлади.
Онлайн конференция якунлари ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатилишига хизмат қилишини яна бир бор намоён этди.