Ўзбекистон ва Хитой давлатлари раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли мамлакатларимиз стратегик шериклик муносабатлари юқори даража касб этмоқда — Чжан Цзяньхуа
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси ташаббуси билан Хитой Халқ Республикаси Давлат энергетика маъмурияти раиси Чжан Цзяньхуа билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Онлайн мулоқот чоғида Чжан Цзяньхуа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг оқилона сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик муносабатлари юқори даражада ривожланаётганини алоҳида қайд этди.
Хитой Давлат энергетика маъмурияти раҳбари Ўзбекистон – Хитой иқтисодий ҳамкорлигида муҳим ўрин тутадиган компанияларнинг мамлакатимиздаги фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаётгани ва кўмак кўрсатаётгани учун Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Ўтказилган музокараларда томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энергетика соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга тайёр эканликларини маълум қилдилар.
Чжан Цзяньхуа энергетика ва кимё соҳаларида манфаатли янги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни кўриб чиқишга ўз маъмурияти тайёр эканини айтди.
Маълумот тариқасида қайд этиш жоиз, Хитой Халқ Республикаси Давлат энергетика маъмурияти Хитой ривожланиш ва ислоҳотлар бўйича миллий комиссияси таркибидаги департамент ҳисобланади. Мазкур маъмурият энергетик ва саноат ривожланиши режаларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш, энергетика жабҳасидаги институционал ислоҳотлар, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ҳамда ижро қилиш сингари вазифаларни бажаришга масъул ҳисобланади.