Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган стратегияси ва концепцияси тайёрланмоқда
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган стратегияси ва концепцияси тайёрланяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига асосланиб.
Унга кўра:
- камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усуллари,
- ижтимоий таъминотнинг энг кам стандартлари,
- таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой таъминоти ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича илғор хорижий тажриба (хусусан, Хитой тажрибаси) дан фойдаланиш кўзда тутилган.
– Ўзбекистонда одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбасига эга эмаслиги ва камбағаллик каби жиҳатлар узоқ йиллар ёпиқ мавзу бўлиб келди, – дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов. – Президентимиз жорий йилнинг 24 январида Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин фикр билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Дастлабки ҳисоб-китоблар юртимизнинг 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолиси камбағал эканлигини кўрсатди.
Мамлакатмизда аҳолининг ночор қисмига кўмак бериш мақсадида комплекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилмоқда, вазирлар, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларининг вазифалари белгилаб бериляпти.
Лекин пандемия кўп соҳаларда иш ўринларини яратишга, камбағалликка қарши курашишга катта зарар етказиб келяпти.
Унинг таъсирини юмшатиш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Унинг доирасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарорларига асосан, карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали оилаларга, якка-ёлғиз ва ногиронларга ҳамда ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз 321 мингга яқин оилага 127 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд маблағлар сарфланди.