Ўзбекистоннинг янги элчиси Исроилга етиб келди
Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Феруза Маҳмудова 28 июль куни Тошкентдан Тель-Авив шаҳрига етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Феруза Маҳмудова Тошкент шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган, Германиядаги Эберхард ва Карл университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолияти давомида Ташқи ишлар вазирлигида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида турли вазифаларда ишлаган. Элчи бўлиб тайинлангунга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Икки томонлама ҳамкорлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Жорий йилнинг 19 июль куни Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Зехавит Бен-Гилелни Ўзбекистондаги элчи сифатида тасдиқланганини расман маълум қилган эди. У 2018 йилда ишонч ёрлиғини Президентимизга топширган элчи Эдуард Шапиранинг ўрнида фаолият юритади.