ЕИ Дeлeгацияси раҳбари Ўзбекистондаги миссиясини тугатаяпти
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимиздаги миссиясини якунлаётган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги Делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайсни қабул қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
Томонлар бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, жумладан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё минтақасида муштаракликни ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар конференциясини ўтказиш масаласини кўриб чиқди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, илм-фан ва маданият жабҳаларидаги ҳамда таълим соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга оид амалий масалалар ечимига қаратилган инвестицион лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ЕИ иштирокининг муҳим аҳамияти таъкидланди.
2019 йил якунларига кўра 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини янада оширишнинг зарурлиги қайд этилди.
Суҳбат охирида Вазир ЕИ Делегацияси раҳбарига самарали фаолияти ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик изҳор этди.
Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари сифатидаги фаолияти давомида кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун ташаккур билдирди.