Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ва Туркия вице-президенти ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигидаги ҳукумати делегацияси Анқара шаҳрида Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октай, ушбу мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Учрашувда COVID-19 пандемиясининг икки мамлакат ўртасида иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон билан Туркия ўртасида инвестиция, савдо, транспорт ва логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида томонлар пандемиянинг халқаро иқтисодий муносабатларга салбий таъсирига қарамай, Ўзбекистон ва Туркияда давлатларимиз раҳбарлари белгилаб берган умумий келишув ва вазифаларни амалга ошириш бўйича фаол иш олиб борилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Туркия ҳукуматига Ўзбекистонга тиббий ускуна ва ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларини етказиб бериш орқали коронавирус инфекциясига қарши курашишда ўз вақтида амалий ёрдам кўрсатгани, шунингдек, Туркия тиббиёт муассасалари профессорларидан иборат экспертлар ташрифини ташкил қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Республика аҳолиси орасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муносабати билан аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш ва тиббий муассасаларни бошқаришда кўмаклашиш учун туркиялик шифокорларнинг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий соҳада Ўзбекистон билан Туркия ўртасида қатор ҳукуматлараро битимларни ратификация қилиш жараёни тугаллангани тўғрисида фикр алмашди. Икки томонлама идоралараро мувофиқлаштирув натижасида ҳозирги кунга қадар Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим, Икки томонлама солиқ солинишининг олдини олиш тўғрисидаги битим, Халқаро уйғунлаштирилган юк ташиш тўғрисидаги битим ҳамда Халқаро йўловчи ва юкларни ташиш тўғрисидаги битимларнинг кучга киришига эришилгани таъкидланди. Битимлар билан шакллантирилган платформа икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга имкон беради. Жумладан, мамлакатларимиз ўртасида инвестициялар ва савдо ҳажмини ошириш учун зарур ҳуқуқий майдон ва шароит яратилади.
Тадбирда имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва лойиҳа бўйича келишиш жараёнини қисқа муддатда якунлаш тўғрисида келишувга эришилди.
Транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Туркияни боғлайдиган транспорт йўлаклари орқали юк ташиш ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида ушбу йўлаклар бўйлаб «Яшил йўлак» тезкор божхона расмийлаштируви тизимини яратиш масаласи кўриб чиқилади. Мазкур тизим маҳсулотларни олдиндан декларация қилиш ҳамда иммиграция, карантин ва манфаатдор мамлакатларнинг транспорт органлари ўртасида маълумотларнинг электрон алмашиш механизмларини жорий этишни назарда тутади.
Учрашувда ташқи савдо, божхона ва транспорт органлари вакилларидан иборат махсус қўшма ишчи гуруҳини ташкил этишга қарор қилинди. Гуруҳ мақсади ушбу ташаббус доирасида амалий вазифаларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Музокараларда жорий йилнинг февраль ойида амалга оширилган юқори даражадаги ташриф, унинг доирасида тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси»нинг бажарилиши кўриб чиқилди.
Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари саъй-ҳаракатларини яқиндан мувофиқлаштириш орқали режанинг барча бандларини амалга оширишни тезлаштиришга қарор қилинди.
Учрашув сўнгида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлисини шу йил якунига қадар Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.