Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Туркия Буюк миллий мажлиси аъзолари билан ҳамкорликнинг жорий ҳолати бўйича фикр алмашди
Мамлакатимиз ҳукумати делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси аъзолари Ж.Йилмаз ва Л.Элван билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида Туркиянинг етакчи мутахассислари ва маслаҳатчиларини жалб қилиш бўйича жорий ҳамкорликнинг бориши кўриб чиқилди. Ушбу йўналишда амалий ҳамкорлик аллақачон бошлангани таъкидланди. Шу йил июнь ойида «Turkish Airlines» авиакомпаниясининг собиқ вице-президенти, фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро даражадаги эксперт О.Сиврикая «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш учун маслаҳатчи сифатида жалб этилди. Ҳозирги кунда у авиакомпания бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишламоқда. Шунингдек, турк томонининг кўмаги билан Ўзбекистонда Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг (ТИТУ) филиали очилди ва талабаларнинг қабул қилиниши жорий йилда бошланади.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётининг қатор устувор тармоқлари — қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ривожланишини фаоллаштириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Институционал ислоҳотларни амалга оширишда инвестиция муҳитини изчил яхшилашда, йирик хорижий инвесторларни жалб қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини жорий этишда Туркия тажрибасини ўрганиш ва қўллашнинг истиқболлари таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, келгусида биргаликда ишлаш учун аниқ йўналишлар, жумладан, қонун ҳужжатларидаги ўзгаришларнинг республика инвестиция муҳитига таъсирини баҳолаш, қурилиш соҳасида техник регламент ва жараёнларни оптималлаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтириш бўйича амалий чоралар белгиланди.
Томонлар Ўзбекистонда электрон краудсорсинг платформасини яратиш учун турк экспертларини жалб қилишга келишиб олди.
Ушбу платформа мамлакатимизда лойиҳаларни амалга ошираётган хорижий ва маҳаллий ишбилармонларга юзага келаётган муаммолар ҳақида онлайн-режимда хабар бериш, тегишли давлат тузилмаларига эса келиб тушган сўровларга тезкор жавоб бериш имконини беради.
Бундан ташқари, Туркия ва Ўзбекистон компаниялари иштирокида қатор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва автомобиль саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларга янги инвесторларни жалб қилиш доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат органлари ходимлари учун малака ошириш ва сафарга чиқиш билан боғлиқ стажировка ўташ дастурларини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.