Самарқанд вилояти билан Хэнань провинцияси ўртасида минтақалараро ҳамкорлик кенгаяди
Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси томонидан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Хэнань провинцияси (ХХР) губернатори Инь Хун иштирокида видеоконференция шаклида музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Онлайн учрашувида Самарқанд вилояти билан Хэнань провинцияси ўртасида минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Шу билан бирга, COVID-19 касаллигига қарши кураш, савдо, иқтисодий, сармоявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини янада кенгайтириш юзасидан келгусидаги қадамлар белгилаб олинди.
Тадбирда олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар кейинги йиллардаги минтақалараро ҳамкорликнинг фаол, тизимли ва кўп қиррали мазмун касб этишида алоҳида ўрин тутаётгани қайд этилди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Самарқанд вилоятида Хэнань провинциясининг етакчи компаниялари томонидан қатор қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улар орасида тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаол ҳамкорлик қилаётган «Henan Wanbang», Luoyang Daxin» ва бошқа компаниялар бор.
Губернатор Инь Хун Ўзбекистон Хэнань провинцияси ишбилармонлари диққат марказида турган энг устувор мамлакатлардан бирига айланиб бораётганини айтиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, кимё саноати, электр техникаси маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, энергияни тежайдиган замонавий ҳамда самарали технологияларни қўллаш каби соҳаларда юқори технология асосидаги ишлаб чиқаришни ташкил этишни кўзда тутадиган лойиҳаларнинг амалга оширилишига Хэнань компаниялари жалб этилиши қамровини кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Томонлар минтақалараро ва ишбилармонлик даражаларидаги алоқаларни янада фаоллаштириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда уни амалий мазмун билан бойитишга келишиб олди.
Хэнань провинцияси Хитойнинг қадим тарих ва бой маданиятга эга бўлган йирик ҳудудларидан бири ҳисобланади. Тарихан минг йиллар давомида Хэнань Хитойнинг иқтисодий ва маданий маркази бўлиб келган.
Ҳозирги пайтда ушбу минтақа аҳолиси 97 миллиондан зиёдни ташкил этади. Чжэнчжоу – ушбу провинциянинг маъмурий маркази ҳисобланадиган йирик шаҳардир. Хитойнинг муҳим иқтисодий, транспорт ва логистика маркази бўлган Хэнань провинциясида ишлаб чиқариш жабҳаси, жумладан, автомобилсозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамда бошқа соҳалар равнақ топган. 2019 йили минтақанинг ички ялпи маҳсулоти ҳажми 725 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.