Ҳайитнинг биринчи кунида махсус чартер рейс билан Нью-Йоркдан ватандошлар олиб келинди
Бугун барча мусулмонлар учун муқаддас байрам – Қурбон ҳайитнинг биринчи кунида Америка ва Канададан бир гуруҳ ватандошлар махсус рейс билан олиб келинди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлигининг мухбири.
Нью-Йоркдан парвоз қилган самолёт Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Америка Қўшма Штатларидаги дипломатик ваколатхоналаримиз маълумотига кўра, давлатимиз раҳбарининг пандемия даврида чет элдаги юртдошларимизни ватанга қайтариш тўғрисидаги қарорига биноан, «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти томонидан махсус чартер рейслар ташкил этилмоқда.
Сўнгги тўртта махсус рейс билан Ўзбекистонга жами 256 нафар йўловчи (4 нафари чақалоқ) олиб келинди. Шундан 238 нафари Ўзбекистон фуқароси, 18 нафар эса америкалик дипломат ва уларнинг оила аъзоларидир.
Республика махсус комиссияси жорий қилган тартибга кўра, махсус рейс йўловчилари карантин марказлари ёки ўз танловларига кўра меҳмонхоналарда 10 кунлик карантинда бўлишади. Айни пайтда йўловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммо йўқ.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонасида ташкил этилган Тезкор штабга март ойидан буён Америка қитъасидаги мамлакатларда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларидан жами 1 минг 881 та мурожаат келиб тушган. Уларни ватанга қайтариш учун июнь ойидан шу кунга қадар «Uzbekistan Airways» акциядорлик жамияти томонидан Нью-Йорк – Тошкент йўналишида ташкил қилинган махсус чартер рейсларда 1 минг 26 нафар инсон Ўзбекистонга қайтарилган.
АҚШдаги дипломатик ваколатхонамиздан хабар беришларича, 31 июль ҳолатига кўра, яна 815 киши Ўзбекистонга қайтиш истагида. Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди. Кейинги чартер рейсларда уйга қайтишни истаган йўловчилар рўйхатини шакллантириш ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан 16 мартдан бошлаб барча халқаро рейслар, шу жумладан «Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент» йўналишида мунтазам йўловчи қатновлари тўхтатилган.
Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги консуллик идоралари ватандошларимиздан пандемия пайтида юзага келган вазиятни тўғри тушунишларини сўрайди. АҚШ, Канада ва Америка қитъасининг бошқа штатларида истиқомат қилувчи фуқароларга яшаш учун рухсатнома асосида ва Ўзбекистонга сафар қилишни режалаштирганларга сафарни эпидемиологик вазият нормаллашгунга қадар ортга суришларини тавсия қилади. Агар бунинг иложи бўлмаса, фуқаролар АҚШдан Ўзбекистонга кейинги чартер рейслар учун шакллантирилаётган йўловчилар рўйхатига киритилиши учун элчихона ёки Бош консулликка мурожаат қилишлари зарур.
Консулхона вакилларининг алоқа маълумотларини дипломатик ваколатхоналаримизнинг веб-сайтларидан олиш мумкин.