Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари JICA президенти билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш бўйича фикр алмашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Ш.Китаока видеоконференция шаклида мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Мулоқот давомида 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасида эришилган келишувлар ижроси бўйича жорий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда жаҳондаги эпидемиологик вазиятда умумий ташаббус ва лойиҳаларни тизимли давом эттиришнинг устуворлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистоннинг энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш лойиҳалари кўриб чиқилди. Уларни янада жадаллаштириш зарурлиги юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда мева ва сабзавотчилик соҳасидаги истиқболли мақсадларни рўёбга чиқариш учун Япония молия институтларининг қўшимча маблағларини жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Маблағлар Ўзбекистон иқтисодиётини амалий қўллаб-қувватлаш, хусусан, тармоқларда саноат ишлаб чиқаришини фаоллаштириш, кичик ва хусусий бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташқи савдони рағбатлантириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилиши таъкидланди.
Япония ҳукуматининг Марказий Осиё, шунингдек, Афғонистонда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш ҳамда минтақада иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашдаги кўмаклашиш истаги юқори баҳоланди. Томонлар «Ўзбекистон-Япония-Афғонистон» шаклида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрликларини билдирди.
Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Халқаро молия корпорацияси (USDFC) иштирокида ташкил этилиши режалаштирилган Инвестиция жамғармаси фаолиятида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) эҳтимолий иштирокини кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Видеомулоқот якунида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш учун Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи бўйича келишувга эришилди.