Европа Иттифоқининг ERASMUS+ CBHE лойиҳасида 2020 йил танлови ғолиблари рўйхати эълон қилинди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотида келтирилишича, мазкур лойиҳалардан 6 тасида мамлакатимиз олий таълим муассасалари ҳамкор сифатида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, “FOstering the doctoR of the 21st century: education for patient-centered communication” лойиҳасида мамлакатимиздан иккита, шунингдек, Қозоғистон ва Россиядан ҳам тенг равишда иккитадан олий ўқув юртлари иштирок этди.
Яна бир лойиҳа “Triggering innovative approaches, entrepreneurial skills and attitudes in HEI learners through creating the favourable conditions for graduate’s employability in Central Asia” деб номланиб, унда мамлакатимизнинг тўртта олий ўқув юрти иштирок этган. Шу билан бирга, қўшни Тожикистондан тўртта ва Қозоғистондан 3 олий таълим муассасаси ҳам ушбу лойиҳа иштирокчилари ҳисобланади.
Бундан ташқари мамлакатимизнинг 15 та олий ўқув юрти Словакия, Италия, Греция, Латвиянинг 6 та таълим грантини қўлга киритган.
Маълумот ўрнида, анъанага кўра, жорий йилда ҳам Европа Иттифоқининг Erasmus+ CBHE дастурлари доирасида мамлакатимиз олий таълим муассасаларида қатор магистратура мутахассисликлари бўйича грантлар эълон қилинган.