Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси билан ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот билан онлайн-мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.
Видеомулоқотнинг мақсади — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Буюк Британия ўртасидаги шерикликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Онлайн-суҳбат аввалида хорижий дипломатик ваколатхона раҳбарига Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик қилиш учун Олий Мажлиснинг парламентлараро гуруҳининг янги таркиби, Ўзбекистондаги парламент ва сиёсий ислоҳотларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўзлаб берилди.
Шунингдек, элчига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармони, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ИҲММ томонидан тайёрланган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси, шунингдек, Самарқанд шаҳрида (жорий йил 12-13 август) ёшлар ҳуқуқлари масалаларига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форумни ўтказилиши ҳақида хабардор қилинди. Унда Буюк Британия Вакиллар палатаси ва Лордлар палатасининг таниқли вакиллари иштирок этиши режалаштирилган.
Т.Торлот Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни олқишлаб, парламентнинг ролини оширишга қаратилган ижобий натижаларни, ҳукумат фаолиятини мониторинг қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш борасидаги ижобий ютуқларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Буюк Британиянинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларининг миллий кўрсаткичлари бажарилиши бўйича парламент кузатув комиссияларини яратиш бўйича муҳим қадамларни мамнуният билан қайд этди.
Онлайн-учрашув давомида томонлар, шунингдек, ҳаракатлар режаси ва атроф-муҳитга оид қонун ҳужжатлари,инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий мақсадлари, ННТ ва диний эркинликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тааллуқли сўнгги ўзгаришлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг роли ва аҳамияти бўйича фикр алмашилди.
Бундан ташқари, икки томонлама онлайн-мулоқотлар якунларига кўра, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида иқлим ўзгариши бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия парламент форумини ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар онлайн мулоқот самарали ўтганини таъкидлаб, самарали ва конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.