Ўзбекистон ва Россия Марказий банклари компьютер хуружларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолади
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан Россия Федерацияси Марказий банки ўртасида компьютер хуружларига қарши курашиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, меморандум банк телекоммуникация тизимларида компьютер хуружларининг олдини олиш ва аниқлаш, уларни бартараф этиш учун шароит яратиш ва томонларнинг ахборот хавфсизлиги даражасини оширишни кўзда тутади.
Ҳужжат компьютер хуружларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик банк тизимида ахборот хавфсизлигининг таҳдиди юзасидан прогнозларни ишлаб чиқиш ва огоҳлантириш стратегияларининг самарадорлигини ошириш, компьютер хуружларининг сабабларини аниқлаш, уларга муносабат билдириш ва оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ бошқа вазифаларни амалиётга татбиқ этиш имконини беради.