Ўзбекистонда ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёни автоматлаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 сентябридан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади.
Кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш тизимни жорий этишнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан талаб этилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратида фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали ижтимоий нафақаларни тайинлашга оид мурожаатлари ва шикоятларини қабул қилиш бўйича шўъбаси ташкил этилади.
Маълумот учун: “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ 2019 йил 1 октябридан буён тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида ишлатиб келинмоқда.