Коронавирусга чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва махсус поликлиникалар ходимларини қўшимча рағбатлантириш вазифалари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатга асосан, марказий ва оилавий поликлиникалар негизида ташкил этиладиган махсус поликлиникалар («COVID марказ») ходимларининг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов ўрнига қуйидаги ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланди:
- врачларга – 2,5 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимларига – 1,5 миллион сўм;
- кичик тиббиёт ходимларига – 1 миллион сўм;
- бошқа ходимларга – 500 минг сўм.
Бундан ташқари ушбу қарорга мувофиқ, коронавирус билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус «1-сон Зангиота» ва «2-сон Зангиота» шифохоналари ташкил этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус инфекциясини юқтирган шахсларни даволаш мақсадида ташкил этиладиган вақтинчалик шифохоналар қуйидагича бириктирилди:
Ўзбекистон гимнастика федерациясининг «Универсал» спорт мажмуасидаги 750 ўринли - ИИВнинг марказий госпиталига;
«Ўзэкспомарказ» МКК АЖ 1 ва 2-сон павильонидаги 814 ўринли - Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий клиник госпиталига;
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Назарбек» соғломлаштириш масканидаги 350 ўринли — Миллий гвардия ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга;
Ёшлик спорт мажмуасидаги 520 ўринли — ДХХнинг марказий ҳарбий госпиталига;
«Ўзэкспомарказ» МКК АЖ 3 ва 4-сон павильонидаги 1 000 ўринли, Сергели туманидаги 2-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабидаги 250 ўринли, Олимпия захиралари спорт саройидаги 500 ўринли - Тошкент шаҳар ҳокимлигига.